Одамлар, уларнинг фаровонлиги ва ҳудудларни ривожлантириш масалалари Президентнинг доимий эътиборида — Айбек Дадебай

ASTANA. Kazinform — Қурултой мажлисида раис Айбек Дадебай Президент Мурожаатининг аҳамияти ҳақида баёнот берди.

Прзидент әкімшілігінің басшысы
Фото: akorda.kz

Унинг сўзларига кўра, Давлат раҳбарининг Мурожаати мамлакатнинг янги шароитлардаги келгуси тараққиёт йўналишларини аниқ белгилаб берувчи дастурий ҳужжат ҳисобланади.

“Бу - Конституция қабул қилиниб, бутун сиёсий тизим модернизация қилинганидан кейинги илк Мурожаатдир. Энди Давлат раҳбари янги сиёсий институтлар олдига аниқ вазифаларни қўймоқда. Яъни амалга оширилаётган ислоҳотларни аниқ мазмун билан бойитиш ва уларнинг ижросини таъминлаш зарур. Шу муносабат билан Қурултой депутатларига ҳам катта умид билдирилмоқда”, — деди Айбек Дадебай.

Шунингдек, у Президентнинг доимий эътибори марказида инсон, унинг фаровонлиги ва ҳудудларни ривожлантириш масалалари турганини таъкидлади.

“Ҳар бир қозоғистонлик Мурожаатдан ўзи учун муҳим бўлган қарорларни топа олади. Энг муҳими, Мурожаат мамлакатимиз ва фуқаролар манфаатлари йўлида барча давлат ва жамоат тузилмаларининг тизимли ҳамда жадал фаолият олиб боришига янги туртки беради. Президент узоқ вақтдан бери етарлича ҳал қилинмаган мураккаб масалаларга яна бир бор аниқ жавоб берди. Улар мамлакатимизнинг келгуси узоқ йилларга мўлжалланган муваффақиятли ва барқарор ривожланиши учун мустаҳкам пойдевор яратади”, — деди Қурултой раиси.

Бундан ташқари, депутатлар корпуси Давлат раҳбари топшириқларининг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш учун бор куч-ғайратини сафарбар этишини таъкидлади.