Нью-Йоркда «Kazakhstan Finance Day» форуми бўлиб ўтди

ASTANА. Кazinform — Нью-Йоркда Қозоғистон Республикаси Миллий банки, АҚШдаги Элчихонаси ва Бош консуллиги ташкилотчилигида, Citigroup, Mastercard, Visa, Solidcore Resources ва АҚШ Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда «Kazakhstan Finance Day» форуми бўлиб ўтди.

Нью-Йоркда «Kazakhstan Finance Day»  форуми бўлиб ўтди
Фото: Kazinform

Нью-Йорк ишбилармонлик марказида жойлашган Citigroup корпорациясининг бош қароргоҳида бўлиб ўтган тадбирда икки давлатнинг молия-иқтисодий соҳаларидан 450 дан ортиқ вакиллар қатнашди. Blackstone, Ashmore, JP Morgan, Cerberus, Apollo Global Management, KKR, Bloomberg каби йирик Wall Street инвесторлари иштирокчилар қаторидан жой олди.

Қозоғистон делегацияси таркибига Қозоғистон Республикаси Миллий банки, Молия бозорини тартибга солиш ва ривожлантириш агентлиги, АХММ, Қозоғистон Тараққиёт Банки, Қозоғистон фонд биржаси, Kaspi.kz, Halyk Bank, Freedom Holding компаниялари раҳбарлари ва “Байтерек” миллий бошқарув холдинги, “Даму” тадбиркорликни ривожлантириш жамғармаси тараққиёт институтлари вакиллари кирди.

Дунёнинг асосий молия марказларидан бирида биринчи шундай Форумнинг ўтказилиши иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга ва Қозоғистонга иқтисодий жозибадор инвестиция йўналиши сифатида янги инвестицияларни жалб этишга қаратилган.

«Kazakhstan Finance Day» майдони жаҳон молия бозорининг асосий иштирокчилари, инвесторлар ва бизнес ҳамкорларга Қозоғистон иқтисодиётининг ривожланиш суръатлари, салоҳияти ва жорий инвестиция лойиҳалари билан яқиндан танишиш имконини берди.

Тадбир давомида иштирокчиларга Қозоғистон Республикаси иқтисодиётининг макрошарҳи, мамлакат молия бозоридаги ривожланиш тенденциялари, рақамлаштириш соҳасидаги ютуқлар ва рақамлаштириш соҳадаги технологиялар, хавфсизлик ва миллий молиявий инфратузилма самарадорлигини ошириш бўйича истиқболли режалар ҳақидаги долзарб маълумотлар тақдим этилди.

Инвесторлар ва профессионал бозор иштирокчилари учун тўғридан-тўғри ва портфел инвестициялар бўйича индивидуал сессиялар ва тақдимотлар ўтказилди.

Асосий маърузачилар, молия сектори ва саноат компаниялари раҳбарларининг чиқишлари америкалик инвесторларга Қозоғистонда бизнес юритиш ва банк қонунчилигини либераллаштиришга қаратилган турли молиявий воситалар билан танишиш имконини берди.

Форум иштирокчилари амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларни юқори баҳоладилар ва уларнинг фикрича, бу мамлакат ва бутун минтақа тараққиётининг янги векторини белгилаб, унинг Америка бизнеси учун жозибадорлигини оширади. Делегатлар барқарор макроиқтисодий сиёсат ва Қозоғистоннинг Марказий Осиё бозорига чиқиш истагида бўлган инвесторлар учун стратегик марказ сифатидаги ролини таъкидладилар.

Тадбир доирасида икки мамлакат бизнес вакиллари ўртасида шахсий икки томонлама учрашувлар ҳамда янги ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш ва сармоявий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган нетворкинг сессиялари ўтказилди.

Сўнгги хабарлар