Норвегия фуқаролари Исроилдан ўз ҳисобидан эвакуация қилинади
Норвегия Тель-Авивдаги Бен Гурион аэропортидан ўз фуқароларини эвакуация қилиш учун самолёт жўнатади, дея хабар беради Kazinform агентлиги Норвегия ташқи ишлар вазирлигига таяниб.

- Исроил ва Фаластин ҳудудларида хавфсизлик билан боғлиқ вазият жуда оғир. Бу Норвегия фуқароларининг чет элга чиқишларини қийинлаштирди. Шунинг учун ҳукумат ҳозир шундай имкониятни таклиф қилмоқда, - дейди Норвегия ташқи ишлар вазири Анникен Хюитфельдт.
Унинг сўзларига кўра, вазирлик рўйхатдан ўтган Норвегия фуқароларига рейсга қўшилиш имконияти тўғрисида хабар юборган. Самолёт Бен Гуриондан кечқурун ҳавога кўтарилади, дейилади матбуот хабарида.
Ушбу имкониятдан фойдаланиб, ўз маблағлари ҳисобидан эвакуация қилишни истаган Норвегия фуқароларидан Ташқи ишлар вазирлигига электрон почта орқали хабар юбориш сўралган. Ташқи ишлар вазирлиги эвакуация жараёнини мувофиқлаштирмоқда.
