Нигерияда содир бўлган портлашда 48 киши ҳалок бўлди
ASTANА. Кazinform — Нигерияда бензин ташувчи тарспорт ва чорва моллари юк машинаси тўқнашиб кетиши оқибатида содир бўлган кучли портлашда камида 48 киши ҳалок бўлди, деб хабар беради Euronews.
Фожеа Нигериянинг марказий-ғарбий қисмидаги қишлоқ хўжалиги штатларидан бири бўлган Нигерда гавжум автомобиль йўлида содир бўлди.
Ҳудудий фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи Абдуллоҳи Бобо-Арабга кўра, ҳалокатда кўп сонли одамлардан ташқари, камида 50 сигир тириклайин ёниб кетган.
Воқеа жойида қидирув-қутқарув ишлари олиб борилмоқда, дея қўшимча қилди расмий вакил.
Маълумотларга кўра, фавқулодда хизматлар дастлаб 30 кишининг жасадини топган, кейинроқ яна 18 кишининг жасади топилган. Ўлганларни оммавий дафн қилиш маросими ўтказилмоқда.
Воқеа сабаблари аниқланмоқда.
Нигериянинг давлатга қарашли NNPC Ltd компанияси ўтган ҳафта бензин нархини камида 39 фоизга оширди, бу охирги пайтдаги иккинчи энг катта ўсишдир.
Мамлакатда ёқилғи тақчиллиги кузатилмоқда, ҳайдовчилар бутун мамлакат бўйлаб соатлаб навбатда туришга мажбур.
Африканинг зич жойлашган мамлакати бўлган Нигерияда юк ташиш учун темир йўл тизимининг йўқлиги сабабли ёнилғи ташувчи транспортлар иштирокидаги ҳалокатли бахтсиз ҳодисалар кўпинча асосий йўлларда содир бўлади.
Расмий маълумотларга кўра, фақат 2020 йилда бензин ташувчи транспорт воситалари иштирокида 1531 та ЙТҲ содир бўлган, натижада 535 киши ҳалок бўлган ва 1142 киши жароҳатланган.