14:15, 19 Июнь 2023 | GMT +5
Непалда сув тошқини оқибатида бир киши ҳалок бўлди, 17 киши бедарак йўқолди
KATHMANDU. Kazinform – Непал шарқидаги Санкхувасабха минтақасида кучли ёмғир оқибатида юзага келган сув тошқинлари оқибатида бир киши ҳалок бўлди, яна 17 киши бедарак йўқолди. Бу ҳақда якшанба куни маҳаллий полиция маълум қилди, дея хабар беради Kazinform Xinhua агентлигига таяниб.
Шанба оқшомида кучли ёмғир туфайли Хева Кхола дарёси тошқинидан кейин яна уч киши жароҳат олди, деди маҳаллий полиция вакили Бирендра Годар.
Улар орасида 18 киши тошқинда қурилаётган ва жиддий зарар кўрган Хева Кхола ГЭСида ишлаган, дейилади расмий хабарда.
Бир неча уй, иккита йўл кўприги ва бир қанча чорва моллари ҳам сув тошқини остида оқиб кетган, деди полиция вакили. Якшанба куни эрталабгача сув тошқини тўхтамагани, қутқарув операциясини қийинлаштирган.
Июнь ойининг ўрталарида Непалда муссон мавсуми бошланади, бу сув тошқинлари ва кўчкилар туфайли одамларнинг ҳалок бўлишига ва мулкнинг вайрон бўлишига олиб келади.