Непалда сув тошқини қурбонлари сони 359 нафарга етди, 1400 киши бедарак йўқолган

ASTANA. Kazinform – Непалдаги вайронкор сув тошқини оқибатида ҳалок бўлганлар сони 359 нафарга етди. Қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда. Юзлаб одамлар, жумладан, хорижлик сайёҳлар ва зиёратчилар ҳанузгача бедарак йўқолган, деб хабар беради Reuters.

Число жертв наводнения в Непале достигло 359 человек
Фото: Reuters

Фалокат 26 августда Непал ва Хитой чегарасидаги Ҳимолай ҳудудида музликнинг қулаши ортидан содир бўлган. Сув, муз, лой ва тошлардан иборат вайронкор оқим водийлар ва аҳоли пунктларини босиб ўтиб, уйлар, йўллар, кўприклар ва бошқа инфратузилма объектларини вайрон қилган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Непалда камида 359 киши ҳалок бўлган. Тибетда эса яна уч киши вафот этган. Непал ва Хитойда 1,4 мингдан ортиқ киши бедарак йўқолганлар рўйхатига киритилган. Улар орасида ўнлаб мамлакатлардан келган сайёҳлар ва зиёратчилар ҳам бор.

Кўплаб хорижликлар Непал орқали Тибетдаги ҳиндуизм ва буддизм динига эътиқод қилувчилар учун муқаддас жойлардан бири ҳисобланган Кайлаш тоғи томон йўл олган эди. Сув тошқини чегарадаги Гиронг назорат-ўтказиш пункти жойлашган ҳудудга ҳам зарар етказган.

Қутқарув хизматлари бедарак йўқолганларни қидириш ишларини олиб бормоқда. Вайрон бўлган йўллар ва кўприклар, шунингдек, тоғли ҳудудларнинг етиб бориш қийинлиги қидирув-қутқарув ишларини мураккаблаштирмоқда. Одамларни эвакуация қилиш ва гуманитар ёрдам етказиб бериш учун вертолётлар жалб этилган.

Дастлаб табиий офатга зилзила сабаб бўлган бўлиши мумкин, деган тахмин илгари сурилган эди. Бироқ АҚШ Геология хизмати қайд этилган сейсмик сигнал зилзила туфайли эмас, балки музликнинг қулаши ва шундан кейин юзага келган лой кўчкиси натижасида пайдо бўлган, деган хулосага келган.