Непалда ер кўчкиси оқибатида икки автобус дарёга тушиб кетди, қутқарувчилар 70 га яқин одамни қидирмоқда

Автобуслар кучли муссон ёмғирлари пайтида Мадандан Ашритга йўл бўйлаб ҳаракатланаётган эди. Тахминан соат 3 ларда пойтахт Катмандудан 120 км узоқликдаги Симальтала ҳудудида улар кўчки остида қолган.
Қайд этилишича, дастлабки маълумотларга кўра, автобуслардан бирида 24 киши, иккинчисида 42 киши бўлган, бироқ ҳайдовчилар йўл давомида кўпроқ йўловчи олиб кетиши мумкин эди.
Айрим маълумотларга кўра, йўловчилар орасида етти нафар Ҳиндистон фуқароси ҳам бўлган.
Айни дамда уч кишининг тақдири маълум: улар ҳалокат жойидан узоқда жойлашган маҳаллий аҳоли томонидан дарёдан қутқариб олинди ва шифохонага етказилди.
Автобуслар тушиб кетган Тришули дарёси кучли ёмғир туфайли қирғоқларидан тошиб кетди.
Қутқарувчиларнинг сўзларига кўра, сувнинг кўплиги ва кўчки йўлни тўсиб қўйгани сабабли уларнинг иши ниҳоятда қийин.
Мамлакат расмийлари фуқароларни зарур эҳтиёт чораларини кўришга, хусусан, ёғингарчилик тугамагунча узоқ масофаларга саёҳат қилмасликка чақирмоқда.