Нега Қозоғистонда чойни яхши кўришади
ASTANA. Kazinform — Қозоғистонда чой импорти маҳаллий ишлаб чиқариш ҳажмидан ошиб кетган. Миллий статистика бюроси маълумотларига кўра, жорий йилда Қозоғистонда 3 829 тонна чой ишлаб чиқарилган. Унинг 92,1 фоизи Алмати шаҳри ҳиссасига тўғри келади. Шу даврда мамлакатга 18,3 минг тонна чой импорт қилинган. Импортнинг 27,2 фоизи Кениядан етказиб берилган. Бу маълумотлар Қозоғистонда чой кўп истеъмол қилинишини кўрсатади. Қозоқ дастурхонида алоҳида ўрин эгаллаган ушбу ичимликнинг тарихи бир неча аср аввалги савдо алоқалари билан боғлиқ.
Буюк Ипак йўлидан қозоқ дастурхонигача
Чойнинг ватани — Хитой. Савдо йўллари орқали бошқа ҳудудларга тарқалган ушбу ичимлик қозоқ даштларига ҳам етиб келган. Этнограф олим, озиқ-овқат антропологияси мутахассиси Айгерим Мусағажинованинг айтишича, чой қозоқлар турмушига XVIII–XIX асрларда кириб келган ва XIX асрнинг иккинчи ярмида кундалик истеъмол қилинадиган ичимликка айланган.
“Қозоқ даштлари Хитой, Марказий Осиё ва Россия империясини боғловчи савдо йўллари чорраҳасида жойлашган. Хитойдан асосан ғишт шаклида пресслаб тайёрланган чой келтирилган бўлса, Россия билан савдо орқали байхов чой тарқалган. Бухоро, Қўлжа ва Қашғар шаҳарлари билан ўрнатилган алоқалар ҳам муҳим роль ўйнаган, — деди этнограф.
Дастлаб чой, шакар ва самовар қимматбаҳо ҳисобланиб, оиланинг бойлигини намоён этган. Кейинчалик бу ичимлик кенг омма орасида тарқалиб, маҳаллий турмуш тарзига мослашган. Натижада чой ичиш анъанаси қозоқларнинг меҳмон кутиш маданияти билан чамбарчас боғланиб кетган.
Ҳудудларда чой ичишнинг ўзига хос хусусиятлари
Чойнинг қозоқлар турмушига сингиб бориши уни тайёрлаш ва дастурхонга тортишнинг ўзига хос хусусиятларини шакллантирди. Мамлакатнинг турли ҳудудларида чой ичиш билан боғлиқ анъаналар сақланиб қолган. Масалан, Ғарбий Қозоғистонда чойга қовурилган “тары” қўшилса, жанубда кўк чой кенг тарқалган. Айрим ҳудудларда сут, туз, ёғ ва қовурилган ун қўшиб тайёрланадиган ширчой ҳам истеъмол қилинади.
Этнограф Айгерим Мусағажинованинг таъкидлашича, чойнинг турли хилларини тайёрлаш билан бир қаторда, уни меҳмонларга тортишнинг ҳам ўзига хос одоб-қоидалари мавжуд.
«Оқ чой» қуюқ дамланган чойга сут ёки қаймоқ қўшиш орқали тайёрланади. «Келин чой» анъанасида эса янги келиннинг меҳмонларни кутиб олиши ва уларга чой узатишига алоҳида эътибор берилган. «Бош оёқ» деб дастурхон атрофидаги ҳурматли меҳмонга ёки катта ёшли кишига узатиладиган биринчи пиёлага айтилган”, — деди этнограф.
Қозоқларнинг чой ичиш одобида меҳмоннинг пиёласига оз миқдорда чой қуйиб, уни қайта-қайта таклиф қилиш ҳурмат белгиси ҳисобланади. Бу анъана чой оддий ичимлик эмас, балки меҳмон билан суҳбатлашиш ва ўзаро ҳурматни ифодалаш имконини берувчи маданий ҳодиса эканини кўрсатади.
Қозоқ анъаналари ва Бельгия олимларининг тажрибаси
Сут қўшилган чой нафақат қозоқ дастурхонида, балки бир вақтлар Буюк Британияда ҳам кенг тарқалган. Бироқ британияликларнинг ушбу ичимликни истеъмол қилишига тарихий ва маиший шароитлар таъсир кўрсатган.
Ҳатто 1980 йилларнинг охирида Бельгия Қироллик табиий фанлар институти кимёгарлари ичимлик тайёрлашнинг турли усулларини ўрганганлар. Улар таркибий қисмларни аралаштириш тартиби, қайнатиш давомийлиги, сутнинг ҳарорати ва туз каби қўшимчаларнинг таъсирини тажриба орқали синаб кўрганлар.
Қозоғистонда ҳам чой ичиш маданияти вақт ўтиши билан янги таъм ва истаклар билан бойиб бормоқда. Масалан, ҳозир арча ва тоғжамбил каби маҳаллий ўсимликларни қўшиб, ичимликнинг янги турларини тайёрлаш тенденцияси кузатилади. Бироқ бундай янгиликларни анъаналар билан боғлаш учун тарихий асосларга таяниш муҳим.
“Маҳаллий ўсимликлардан янги рецептлар яратиш — миллий таомлар ва ичимликларнинг замонавий талқинидир. Бироқ ичимликни анъанавий деб аташ учун тарихий маълумотлар керак”, — деди Айгерим Мусағажинова.
Этнографнинг фикрича, ёшларнинг янги таъмларга қизиқиши миллий анъаналардан воз кечишни англатмайди. Аксинча, анъаналарнинг моҳиятини сақлаган ҳолда, уларни замон талабларига мос равишда ривожлантириш муҳим. Шу тариқа, чой ичиш маданияти тарихий илдизларидан узилмаган ҳолда янги дид ва истаклар билан бойиб бориши мумкин.
Чойни 60 даражадан паст ҳароратда ичган маъқул
Чойнинг маданият ва кундалик турмушдаги ўрни унинг саломатликка таъсирига ҳам эътибор қаратишни тақозо этади. Тиббиёт фанлари магистри, 1-сонли оилавий тиббиёт кафедраси ассистенти, гастроэнтеролог Айгерим Сарбаеванинг айтишича, кофеин сақловчи чойни ҳаддан ташқари кўп истеъмол қилиш уйқусизлик ва безовталикка олиб келиши мумкин.
“Қора ва кўк чойни кунига 3-5 пиёла, яъни тахминан 600-900 миллилитр миқдорида ичиш мумкин. Ўсимликли чойларнинг меъёри эса уларнинг таркибига қараб фарқ қилади”, — деди шифокор.
Мутахассис чой таркибидаги танинлар темирнинг организмга сўрилишини камайтириши мумкинлигини ҳам таъкидлайди. Шунинг учун темир танқислиги хавфи мавжуд бўлган одамларга чойни овқат билан бирга ичмасдан, маълум вақт ўтгач истеъмол қилиш тавсия этилади.
Ичимликнинг ҳарорати ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шифокорнинг айтишича, жуда иссиқ чойни мунтазам ичиш қизилўнгачнинг шиллиқ қаватига зарар етказиб, саратон касаллиги ривожланишига олиб келиши мумкин. Шу сабабли чойни ҳарорати 60 даражадан пастга тушгандан кейин ичган маъқул.
Муаллиф: Молдир Снадин