Наврўз байрами арафасида Самарқандда «Кабоб фестивали» ўтказилади

Самарқанд вилояти шаҳар ва туманларида ҳам айни пайтда байрам тараддуди бошланди.
Вилоятнинг асосий байрам тантаналари Алишер Навоий номли марказий истироҳат боғи ва унинг атрофидаги Алишер Навоий, Камол Ота Турк кўчаларида ўтказилиши, «Мўъжиза» амфитеатрида концерт дастури намойиш этилиши режалаштирилган.
Вилоят ҳокими ўринбосари Рустам Қобиловнинг айтишича, байрам сайлларига маҳаллий ва хорижий сайёҳлар ҳам таклиф этилади. Байрам муносабати билан беш кунлик дам олиш кунларида вилоят аҳолиси ва меҳмонларнинг вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида бир қатор маданий тадбирлар, миллий халқ ўйинлари уюштириш кўзда тутилган.
Жумладан, 18 март куни Самарқанд шаҳрида «Кабоб фестивали», 19 март куни эса Жомбой туманида йирик улоқ-кўпкари мусобақаси ўтказилади. Ҳозирданоқ бир қатор маҳаллий ва хорижий туристик фирмалардан мазкур тадбирларда сайёҳлар иштирок этиши ҳақида маълумот қилинган.
Самарқанд шаҳридаги Регистон мажмуасида тунги мусиқали шоу дастури намойиш этилади.