10:28, 10 Август 2023 | GMT +5
NASA хавфли астероид Ерга яқинлашаётганидан огоҳлантирди
NEW YORK. Kazinform – АҚШ Миллий аэронавтика ва коинот бошқармаси (NASA) Ерга эҳтимолий хавфли астероид яқинлашаётгани ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда NASAнинг Ерга яқин объектларни ўрганиш маркази сайтида маълум қилинди, дея хабар беради Kazinform Anadoluга таяниб.

Объектнинг Ерга яқинлашиши 23 август куни содир бўлади. Шу куни астероид 6037 (1988 EG) сайёрадан тахминан 6 миллион км узоқликда учиб ўтади. Унинг диаметри 430 метрдан 960 метргача, тезлиги эса секундига 14,25 км.
Прогнозга кўра, сайёра ва самовий жисм ўртасидаги минимал масофа деярли 6,1 миллион километрни ташкил этади.
Астероид 6037 (1988 EG) потенциал хавфли деб таснифланади. Бу туркумга Ер орбитасини 7,5 миллион км дан кам масофада кесиб ўтувчи астрономик объектлар киради.
Июлда 20 қаватли бинонинг катталигидаги астероид Ерга жуда яқин учиб утди ва астрономлар буни фақат икки кундан кейин пайқашди.