Наим Қосим – “Ҳизбуллоҳ”нинг янги раҳбари
ASTANA. Kazinform - Гуруҳнинг асосий бошқарув органи – Шўро кенгаши бугун ҳозиргача Бош котиб ўринбосари лавозимида ишлаган Наим Қосимни ҳаракат раҳбари сифатида эълон қилди, деб хабар беради Kazinform мухбири.
30 йилдан буён Эрон томонидан қўллаб-қувватлаб келинаётган “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати аввалги етакчиси Ҳасан Насруллоҳ 27 сентябрь куни Исроил ҳаво ҳужуми натижасида ҳалок бўлган эди.
1953 йил Байрутда туғилган Наим Қосим Ливан университети кимё факультетини тамомлаган ва 1970 йилларда Мусулмон талабалар иттифоқига асос солган. Кейинроқ шиаларнинг “Амал” ҳаракатига қўшилган.
1979 йилдаги Эрон инқилоби кўплаб ливанлик шиалар, жумладан кейинчалик “Амал”ни тарк этган Наим Қосимнинг сиёсий қарашига ҳам сезиларли таъсир кўрсатди. 1982 йил Исроил Ливанни босиб олгач, Наим Қосим Эрон Инқилобий гвардияси корпуси кўмагида тузилган “Ҳизбуллоҳ”нинг таъсис йиғилишларида қатнашди. 1991 йил Аббос Ал-Мусавий томонидан ташкилот Бош котиби ўринбосари этиб тайинланди. Кейинги йил Ал-Мусавий Исроил ҳаво ҳужумида ўлдирилгандан сўнг, янги раҳбар Ҳасан Насруллоҳ даврида ҳам лавозимини сақлаб қолди.
Наим Қосим кўп йиллар давомида гуруҳнинг етакчи воизларидан бири сифатида мунтазам равишда, айниқса, Исроил билан можаро кучайган пайт халқаро оммавий ахборот воситаларига баёнотлар берган. Насруллоҳнинг ўлими ҳақида ташкилот номидан илк расмий баёнотни ҳам у берган. Ўшанда ўз нутқида жуда қисқа вақт ичида янги Бош котиб сайланиши ва фаластинликлар билан бирдамликда Исроилга қарши кураш давом эттирилишига ишонч билдирган эди.