Мустақил Қозоғистондаги биринчи аэропорт Туркистон шаҳрида қурилди

Туркистон аэропорти
Фото: Kazinform

Туркистонда 5 йил ичида 250 дан ортиқ янги объект фойдаланишга топширилди, деб хабар беради Kazinform.

Бу йил Туркистон вилояти ташкил этилганига 5 йил тўлди. Бу даврда қадимий шаҳар янги йўналишда ривожлана бошлади. Янги шаҳар барпо этилди, янги ижтимоий объектлар фойдаланишга топширилди. Инфратузилма тизими янгиланиб, аҳолининг фаровон яшаши учун шарт-шароит яратилди. Маҳаллий аҳоли бу ташаббусларни мустақиллик самараси, деб билади.

Кейинги 5 йилда вилоятда жами саноат маҳсулоти икки баравар ошиб, 3,5 триллион тенгега етди. Саноат маҳсулоти ҳажми ҳам икки баробар ортиб, 867 млрд тенгени ташкил этмоқда. Қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқарилган умумий маҳсулот ҳажми 1 триллион тенгега етди. Агросаноат мажмуасига жами 336 миллиард тенге сармоя киритилди.

Вилоятда қурилиш соҳаси ҳам жадал ривожланмоқда. Фойдаланишга топширилган турар-жой майдони 2 баробарга ошиб, 864 минг квадрат метрга етди. 5 йил давомида 4420 оила коммунал уй-жой билан таъминланди. Туркистон шаҳрида асосий турар-жой бинолари қурилмоқда. Умуман, Туркистон шаҳри вилоят маркази бўлган даврдан бошлаб аҳоли сони 50 минг кишига кўпайган. Ҳозир шаҳарда 220 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади.

Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Туркистон вилояти аҳолиси билан учрашувда Туркистонга тарихий-маънавий пойтахт мақоми бериш масаласини кўтарди. Бу, ўз навбатида, асосий капиталга йўналтирилган инвестициялар ҳажмининг ошишига хизмат қилди. 5 йил давомида вилоят иқтисодиётига 3 триллион тенге сармоя жалб этилди.

Энди чуқур тарихга эга шаҳарнинг янги даври бошланди, ҳар йили кўплаб объектлар қурилмоқда.

Мустақил Қозоғистонда биринчи аэропорт Туркистон шаҳрида қурилган. Бу вилоятда туризмни ривожлантиришга кучли туртки берди. 905,3 гектар майдонни эгаллаган аэропорт қозоқ миллий нақшлари билан безатилган. 2020 йилда биринчи рейсни қабул қилган объект ҳозирда қувватини оширмоқда.

Туркистон аэропорти
Фото: Kazinform

Биринчи босқичда Қозоғистоннинг «Fly Arystan», «Qazaq Air» ва «SCAT» авиакомпаниялари Туркистоннинг янги халқаро аэропортидан Астана ва Алмати шаҳарларига ҳар куни парвозларни амалга оширди. Бугунги кунда Туркистон халқаро аэропорти Истанбул, Аль-Қувайт ва мамлакатнинг Астана, Алмати, Ақтау, Ақтўбе, Орал ва Қарағанди йўналишларига хизмат кўрсатмоқда. Келгуси йилда Туркистон-Абу-Даби ҳаво йўналиши очилиши кутилмоқда.

Туркистон аэропорти
Фото: Kazinform

Янги Туркистонда ҳам маданий-маънавий марказлар вужудга келди. Спорт иншоотлари, теннис маркази, шарқ ҳаммоми, “Алатау” медиа маркази, талабалар уйи, маъмурий ва ишбилармонлик маркази каби янги бинолар барпо этилди. 1200 ўринли Муз саройи очилди. 5 йил ичида жами 250 дан ортиқ янги объектлар мамлакат манфаати учун фойдаланишга топширилди.

Шаҳар аҳолиси ва меҳмонлари учун қулай дам олиш маскани яратиш мақсадида “Ипак йўли”, “Президент” истироҳат боғи, Б.Саттарханов, Ясси кўчалари бўйлаб боғлар, “Отбаси”, “Денсаулиқ” истироҳат боғлари очилди. Кўчат экиш ишлари ҳам ҳар йили жадал олиб борилмоқда.

Шундай қилиб, 5 йил ичида бутун туркий халқларнинг ўтмиш сирларини яширган, чуқур тарихга эга муқаддас маскан Туркистон ўзгарган ҳудудга айланди.

Сўнгги хабарлар