Мўғулистонда Жаҳон коинот ҳафталиги бўлиб ўтади

Мўғулистон 4-10 октябрь кунлари Жаҳон коинот ҳафталигини нишонлайди. Бу ҳақда ЎзА агентлиги МОНЦАМЭга таяниб хабар беради.

Мўғулистонда Жаҳон коинот ҳафталиги бўлиб ўтади
Фото: МОНЦАМЭ

Тадбир меҳмонларига 150 нафар кўнгилли бола хизмат кўрсатади.

Анжуман ота-оналар фарзандлари билан қизиқарли суҳбатлар қуриб, ижодий муҳитдан баҳра олиши учун ажойиб имконият яратади. Ўғил-қизлар эса илм-фан ютуқлари, фазони тадқиқ этиш технологиялари ва соҳанинг афзалликлари билан танишадилар.

Шунингдек, телескоп орқали Қуёш ва юлдузларни кузатиш, фазовий бўшлиқ ҳолатини ҳис этиш, турли топшириқларни бажариш, амалий машғулот, тренингларда қатнашиш орқали тажриба алмашиш ҳам болаларда унутилмас таассурот қолдириши шубҳасиз.

Ҳар йили 4-10 октябрь кунлари нишонланадиган, ўтган мавсум 90 давлатни қамраб олган Жаҳон коинот ҳафталиги шукуҳи бу йил дунёнинг 100 та давлатига кириб боради.

Мазкур ўзига хос анжуманни ўтказиш тўғрисидаги қарор 1999 йил 6 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси махсус резолюцияси билан фан ва технологиянинг инсон фаровонлигига қўшаётган ҳиссасини халқаро миқёсда нишонлаш мақсадида қабул қилинган. Фазовий тадқиқотларга бағишланган ер юзидаги энг йирик тадбирнинг ғояси ёшларни илҳомлантириб, эртанги кун мутахассислари синфини шакллантиришга ҳисса қўшади. Шунингдек, тегишли дастурларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлайди, соҳа фаолияти доирасида халқ таълими тизими билан боғлиқ масалаларни ҳал қилади, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашади.

Сўнгги хабарлар