Мўғулистон аҳолиси 3,5 млн кишига етди

Мўғулистон аҳолиси 3,5 млн кишига етади
Фото: pixabay

Миллий статистика қўмитаси аввалроқ 22 ноябрга қадар Мўғулистоннинг умумий аҳолиси сони 3,5 миллион кишига етиши ҳақида маълум қилганди, дея хабар беради Kazinform агентлиги МОНЦАМЭга таяниб.

“Мўғулистон аҳолиси 3,5 миллион кишига етиши ҳақидаги тахмин охирги уч йилдаги туғилиш, ўлим ва ҳаётий статистик маълумотларга асосланган эди”, – дейди Миллий статистика қўмитасининг Аҳоли ва уй-жойларни рўйхатга олиш бўлими статистик мутахассиси Б.Энхжаргал.

Ҳисоб-китобларга кўра, сўнгги уч йилда ўртача ҳар 7 дақиқа 16 сонияда битта бола туғилади, ҳар 27 дақиқа 46 сонияда бир киши вафот этади, Мўғулистон аҳолиси эса ҳар 9 дақиқа 55 сонияда биттага кўпаймоқда.

- Агар 2023 йилда бу тенденция давом этади деб ҳисобласак, 22 ноябрга келиб Мўғулистон аҳолиси 3,5 миллион кишига етиши керак. Бугунги кунга қадар уларнинг сони 3,5 миллиондан ошди. Ҳаётий ўсишни ҳисоблаш усули БМТ ва АҚШ аҳолини рўйхатга олиш бюроси томонидан эълон қилинган Жаҳон аҳоли соатини ҳисоблаш учун ишлатилади», - дея қўшимча қилди Энхжаргал.

1962 йилда Мўғулистон аҳолиси 1 миллионни ташкил этган бўлса, 1988 йилда мамлакат икки миллионинчи фуқаросини, 2015 йилда эса уч миллионинчи фуқаросини қабул қилди. 2033 йилда 4 миллионга, 2048 йилда эса 5 миллионга етиши кутилмоқда.

Сўнгги хабарлар