Мўғулистон 2024 йил 4 миллиард доллар сармоя жалб қилмоқчи

Мўғулистон мамлакат иқтисодиётига тўғридан-тўғри инвестиция миқдорини 2022 йилдаги 2,5 миллиард доллардан 2024 йилда 4 миллиард долларга етказиш ниятида. Бу ҳақда иқтисодиёт ва тараққиёт вазири Хурэлбаатар Чимед Улан-Баторда бўлиб ўтган Хусусий сектор инвестиция форумида маълум қилди, деб хабар беради Kazinform агентлиги ЎзАга таяниб.

Мўғулистон
Фото: ЎзА

“CentralAsia” хабар беришича, 2023 йил Мўғулистон иқтисодиёти 6,8 фоиз ўсган, бу минтақа учун сезиларли даражада юқори натижа. Ўсиш жараёнига тоғ-кон саноати ва хизмат кўрсатиш соҳалари салмоқли улуш қўшган. Қишлоқ хўжалиги сектори эса 9 фоиз манфий кўрсаткич қайд этган.

Вазир иқтисодиётнинг барқарор ўсиш суръатини ўртача 6 фоиз даражасида сақлаб қолган ҳолда, ҳукумат барча тармоқлар бир хил ривожланишига эътибор қаратишини айтиб ўтган.

Мунтазам ўсиш фуқароларнинг барқарор даромади учун қулай шарт-шароит яратади, иқтисодий хавфсизликда муҳим аҳамият касб этади, дейди вазир.

Ҳисоботда қайд қилинишича, ялпи ички маҳсулотнинг 79 фоизини ташкил этувчи хусусий сектор сармояга муҳтож. Айни йўналишга салмоқли инвестиция йўналтираётган Осиё тараққиёт банки 10 дан ортиқ корхонага сармоя киритган.

Сўнгги хабарлар