МСК Жигули Дайрабаевни президентликка номзод сифатида рўйхатга олди

ASTANA. Kazinform – Бугун Марказий сайлов комиссияси Жигули Дайрабаевни президентлик сайловида номзод сифатида расман рўйхатга олди, деб хабар беради Kazinform мухбири.
None

Марказий сайлов комиссиясининг (МСК) навбатдаги йиғилишида 20 ноябр куни бўлиб ўтадиган навбатдан ташқари Президент сайловига номзод Жигули Дайрабаевнинг кандидатураси қонун талабларига жавоб бериши ва уни номзод сифатида рўйхатга олиш масаласи кўриб чиқилди.

МСК аъзоси Асилбек Смағуловнинг маълум қилишича, номзод «Овул» Халқ-демократик ватанпарварлик партияси йиғилишининг президентликка номзод кўрсатиш тўғрисидаги баённомасидан кўчирма, таржимаи ҳоли, Марказий сайлов комиссияси ҳисоб рақамига сайлов божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат, шахсни тасдиқловчи ҳужжат ва олий маълумот тўғрисидаги диплом нусхасини тақдим этди.

«Ҳудуд сайлов комиссияларининг баённомаларига кўра, ҚР Президентлигига номзод Жигули Дайрабаевни қўллаб-қувватлаш учун Қозоғистоннинг 20 вилоятидан 125 081 нафар фуқаронинг имзоси тўпланган. Шу кунгача уларнинг 122 246 таси текширилиб, 119 975 таси аниқ деб топилди. Марказий сайлов комиссиясининг 2022 йил 26 сентябрдаги қарори билан белгиланган ҚР Президентлигига номзодни қўллаб-қувватловчи аниқ имзолар тўпланганлиги муносабати билан, яъни камида 118 273 нафардан кўп бўлмаган ҳолда тегишли имзоларни кейинги текшириш тўхтатилди. Жигули Дайрабаевни президентликка номзод сифатида рўйхатга олиш учун зарур бўлган барча ҳужжатлар МСКга тақдим этилган ва улар талабларга тўлиқ жавоб беради», - деди Марказий сайлов комиссияси аъзоси Асилбек Смағулов.

ҚР МСК раиси Нурлан Абдировнинг сўзларига кўра, сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг 59-моддаси 5-бандида назарда тутилган барча ҳужжатлар қонунда белгиланган муддатларда келиб тушган.

«Шундай қилиб, ҚР Президентлигига номзод сифатида рўйхатга олишнинг барча зарур тартиб-қоидаларига риоя қилинди», - деди у.

Шундан сўнг комиссия Жигули Дайрабаевнинг номзоди барча талабларга жавоб беришини тасдиқловчи қарор қабул қилди.



Муаллиф: Марлан Жиембай


Сўнгги хабарлар