Мисрда ёқилғи ташиётган юк машинаси иштирокидаги ЙТҲ оқибатида 31 киши ҳалок бўлди

ASTANA. Kazinform - Қоҳиранинг шимолий чекка ҳудудларидан бирида 25 ноябрда ёқилғи ташиётган юк машинаси иштирокида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасидан кейин юзага келган ёнғин оқибатида 31 киши ҳалок бўлди, яна 21 киши жароҳат олди. Бу ҳақда Kazinform DW агентлигига таяниб хабар беради.

31 человек погиб при пожаре после ДТП с грузовиком с топливом под Каиром
Фото: Ahram Online

Мазкур маълумотни Миср Соғлиқни сақлаш ва аҳоли вазирлиги ижтимоий тармоқлардаги X саҳифасида эълон қилди.

Вазирлик маълумотларига кўра, қутқарув ишларига 39 та тез тиббий ёрдам машинаси жалб этилган. Соғлиқни сақлаш вазири Холид Абдул Ғаффор ёнғин содир бўлган жой яқинидаги шифохоналарнинг тайёргарлик даражасини ошириш бўйича топшириқ берди ва шифохонага ётқизилган жабрланувчилар ҳолидан хабар олди.

Ҳозирча авария сабаблари номаълум. ЙТҲ пойтахт минтақасидаги асосий автомобиль йўлларидан бири — Қоҳирани айланиб ўтувчи ҳалқа йўлида содир бўлган.

Ҳодиса гувоҳларидан бири Cairo24 нашрига айтишича, ёнғин чиқишидан олдин юк машинаси йўлнинг бир неча қатнов қисми бўйлаб беқарор ҳаракатланган ва кейин ҳаракат оқимларини ажратиб турувчи тўсиққа бориб урилган. Шундан сўнг портлаш содир бўлган ва олов тезда ён-атрофдаги автомобилларга тарқалган.

Ҳукуматга қарашли Al-Ahram газетаси манбаларга таяниб хабар беришича, юқори кучланишли электр узатиш тармоғидан кабель юк машинаси олдига тушиб кетгани сабабли ҳайдовчи бошқарувни йўқотган ва транспорт воситаси ҳаракат йўналишини кескин ўзгартира бошлаган. Нашр маълумотларига кўра, портлашдан олдин машина қарама-қарши йўлакка чиқиб кетган ва ағдарилиб тушган.

Миср Бош прокуратураси ЙТҲ сабабларини аниқлаш бўйича тергов ишларини бошлади. Шунингдек, ҳалок бўлган барча шахсларнинг кимлигини аниқлаш учун терговчилар улардан ДНК намуналарини олди.

Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси ва унинг рафиқаси Интисор ушбу фожиа муносабати билан ҳамдардлик билдирди. Давлат раҳбари жабрланганлар ва ҳалок бўлганларнинг оилаларига ёрдам кўрсатиш бўйича топшириқ берди.

Egypt Independent газетаси соҳа вакилига таяниб хабар беришича, юк машинаси Нефть ва табиий ресурслар вазирлигига эмас, балки ёқилғи ташиш билан шуғулланувчи хусусий пудратчи компанияга тегишли бўлган. Шу билан бирга, Egypt Today журнали юк машинаси газ ташиганини таъкидламоқда.