Миср жанубида автобус ва юк машинасининг тўқнашуви оқибатида 23 киши ҳалок бўлди
Ҳодиса сешанба куни эрталаб Қоҳирадан 220 километр жанубда, Малави шаҳри яқинидаги Миня провинциясида юз берди. Юк машинаси ҳайдовчиси йўл четида ғилдирак алмаштираётган вақтда йўловчи автобуси катта йўлда тўхтаб турган тиркамали юк машинасига бориб урилган.
Натижада автобуснинг олд қисми жиддий шикастланган. Жароҳатланган йўловчилар Миня шифохоналарига етказилган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги 16 жабрланувчига тиббий ёрдам кўрсатилгандан сўнг шифохоналардан чиқарилганини маълум қилди.
Мисрдаги йўл-транспорт ҳодисалари натижасида ҳар йили минглаб одамлар ҳалок бўлади, бу эса транспорт хавфсизлигининг паст даражасидан далолат беради. Кўпинча автоҳалокатлар тезликни ошириш, эҳтиётсизлик ва йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаслик туфайли содир бўлади.
Январ ойида Синай ярим оролида микроавтобуснинг жамоат транспорти автобуси билан тўқнашиб кетиши оқибатида 16 киши ҳалок бўлган, 18 киши жароҳатланган эди. 2021 йилнинг апрел ойида жанубдаги Асьют провинциясидаги трассада автобус юк машинасини қувиб ўтмоқчи бўлганида ағдарилиб кетган, натижада 21 киши ҳалок бўлган ва яна уч киши жароҳатланган эди.
Фото: cbsnews.cоm