Миср президенти Ғазо секторидан тинч аҳолини Исроилдаги чўлларга кўчиришни таклиф қилди

Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисийнинг тахминига кўра, Исроил ва ХАМАС ўртасидаги ҳозирги можаро пайтида Ғазо секторини тарк этишга мажбур бўлган фаластинлик тинч аҳоли Исроилнинг чўл ҳудудларига жойлаштирилиши мумкин. Бу ҳақда Kazinform агентлиги CNNга асосланиб хабар беради.

Миср президенти Ғазо секторидан тинч аҳолини Исроилдаги чўлларга кўчиришни таклиф қилди
Фото: TPS

Ас-Сиси ва Германия канцлери Олаф Шольц чоршанба куни Қоҳирада қўшма матбуот анжумани ўтказди.

“Мен Исроилга ХАМАС ва бошқа исломий жангарилар билан тўқнашув вақтида фаластинлик тинч аҳолини Исроилдаги Нақаб чўлига кўчиришни таклиф қилган бўлардим”, – деди президент ас-Сисий матбуот анжуманида.

Нақабни Негев чўли деб ҳам аташади.

У Миср ҳозирда 8,5 миллион қочқинга мезбонлик қилаётганини ва ундан ортиғини сиғдира олмаслигини таъкидлаб, фаластинликларнинг Мисрга келиши билан боғлиқ бўлиши мумкин бўлган хавфсизлик хавфларидан хавотир билдирди.

“Агар фаластинликларнинг чегарадан кўп ўтишига йўл қўйсак, Исроилга қарши террор амалиётлари содир бўлиши мумкин ва Исроил жавоб қайтаради”, – деди ас-Сисий.

Миср раҳбари тинч аҳолининг ўлдирилишини қоралаб, араб давлатлари орасида Фаластин даъвосининг муҳимлигини таъкидлади.

“Президент Абдулфаттоҳ ас-Сисий Ғазо секторидаги Ал-Аҳли касалхонасида юзлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган портлаш муносабати билан бутун Миср бўйлаб уч кунлик мотам эълон қилди”, – дея хабар беради Миср президенти идораси чоршанба куни.

Сешанба куни эрталаб Иордания қироли Абдуллоҳ II фаластинликларнинг Иордания ва Мисрга кўчиши “қизил чизиқ” эканлигидан огоҳлантирди ва на Иорданияда, на Мисрда янги қочқинлар бўлмаслигини таъкидлади.

Сўнгги хабарлар