Миср фаластинликларни кўчириш бўйича "адолатсизлик акти"да иштирок этмайди — Ас-Сиси
Қоҳира президент Трамп билан ишлашга тайёр, бироқ унинг Фаластин масаласидаги позицияси муросасиз, дея хабар беради Каzinform агентлиги мухбири.

Миср президенти Абдул Фаттоҳ Ас-Сиси, АҚШ президенти Дональд Трамп фаластинликларни ҳудуддан Миср ва Иорданияга кўчириш режасини илгари сурганидан сўнг, Ғазо аҳолисининг мажбурий кўчирилишини “биз иштирок эта олмайдиган адолатсизлик” деди.
— Мисрнинг Фаластин масаласидаги ўзгармас тарихий позицияси... ҳеч қачон бузиб бўлмайди. Фаластинликларни чиқариб юбориш ҳақида гап кетганда, Миср миллий хавфсизлигига таъсири туфайли бунга ҳеч қачон чидаб бўлмайди ёки йўл қўйиб бўлмайди, — деди Ас-Сиси Қоҳирага ташриф билан келган Кения президенти Уильям Руто билан матбуот анжумани чоғида.
Ас-Сисининг айтишича, Миср “Фаластин давлатини барпо этиш ва унинг имкониятларини, хусусан, халқи ва ҳудудини сақлаб қолишни” қўллаб-қувватлайди. Унинг қўшимча қилишича, Миср икки давлат келишуви асосида Исроил ва Фаластин ўртасида тинчликка эришиш учун Трамп билан ҳамкорлик қилади.
— Биз президент Трамп узоқ кутилган Яқин Шарқда адолатли ва мустаҳкам тинчлик ўрнатишдек бу мақсадга эришишга қодир, деб ҳисоблаймиз, — деди Миср раҳбари.
19 январь куни Исроил ва ХАМАС ўртасидаги сулҳ битими кучга кирганидан сўнг, Трамп фаластинликларни Миср ёки Иордания каби “хавфсиз” жойларга кўчиб ўтишга чақирди.
Фаластинликларни Ғазо секторидан кўчириш ғояси минтақада қораланган. Миср ва Иордания ташқи ишлар вазирликлари ҳамда Фаластин расмийлари сўнгги кунларда Трампнинг таклифини рад этишди.