"Миллий жамғарма - болаларга": 7 миллионга яқин боланинг ҳисоб рақамига маблағ ўтказилди
ASTANA. Кazinform - “Миллий жамғарма - болаларга” лойиҳаси доирасида йил бошидан буён 6,9 миллион нафар боланинг ҳисоб рақамига маблағ ўтказилди. Бу ҳақда ҚР Молия вазирлигининг Бюджет кредитлаш, ҚР Миллий жамғармаси ва молия сектори бўйича ҳамкорлик департаменти директори Айбол Арғинғазинов маълум қилди.
“Давлат раҳбарининг топшириғига кўра, 2024 йилдан бошлаб “Миллий жамғарма - болаларга” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Айтиш мумкинки, бу янги Қозоғистонни яратиш ва иқтисодиётнинг асосий қонуни – миллий бойликни адолатли тақсимлаш йўлидаги биринчи қадамдир. Миллий жамғарманинг сўнгги 18 йилдаги 695 миллион 519 минг 269 АҚШ долларини ташкил этган ўртача инвестиция даромади 6 миллион 919 минг 131 нафар болага тенг тақсимланди ва ҳар бир боланинг ҳисоб рақамига 100,52 АҚШ доллари миқдорида мақсадли омонат тушди”, — деди А. Арғинғазинов Марказий коммуникациялар хизматида бўлиб ўтган матбуот анжуманида.
Маърузачининг сўзларига кўра, жорий йилда “Миллий жамғарма - болаларга” маблағларидан 304 минг 815 нафар бола фойдаланиши мумкин.
“Айни пайтда соҳа вазирликларининг буйруқлари билан таълим ва уй-жой шароитларини яхшилашга ажратилаётган маблағлардан фойдаланиш тартиби белгилаб олинди”, - деди у.