Миллий университетларда хитой тилини ўқитиш бўлимлари ташкил этилади
ASTANA. Kazinform - Қозоғистон ва Хитой ўртасида фан ва таълим соҳасида қатор шартномалар имзоланди. Бу ҳақда ҚР Фан ва олий таълим вазири Саясат Нурбек маълум қилди.

“Бугун бутун дунё эътибори Астанага қаратилган деб айтиш мумкин. Пойтахтда ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари йиғилган, фахрий меҳмонлар орасида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ҳам бор. Куни кеча Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг мамлакатимизга расмий ташрифи доирасида кўплаб шартномалар имзоланди. Улар орасида икки давлат вазирликлари ўртасида таълим ва фан соҳасида келишувга эришилди. Унга кўра, етакчи миллий ва давлат университетларимизда хитой тилини ўқитиш бўйича махсус кафедралар ташкил этилади. Бакалавр, магистратура ва докторантурада таҳсил олаётганларга иккинчи тил сифатида хитой тилини таклиф қиламиз”, – деди Саясат Нурбек пойтахтда ўтказилаётган “Олий таълим ва саноат интеграцияси соҳасида ҳамкорлик” мавзусидаги халқаро симпозиумда.
Шунингдек, вазир Хитой Қозоғистоннинг энг йирик стратегик қўшниси эканини таъкидлади.
“Хитой - иқтисодиёт ва савдо соҳасида ҳамкор давлат, шунинг учун биз Хитой тарихи, тили ва маданиятини чуқур билишимиз керак. Яна бир келишувга кўра, Сатпаев университети негизида Гонконг университети филиали очилади. У сунъий интеллект, архитектура, ақлли транспорт воситалари ва шунга ўхшаш соҳаларда таълим беради. Ушбу Гонконг университети жадал ривожланаётган олий ўқув юрти бўлиб, дунёдаги энг яхши 100 та университет қаторига киради. Университет филиали шу йил сентябрь ойида ўз эшикларини очади”, - деди у.