Microsoft 60 мингга яқин ходимига ўз хоҳиши билан ишдан кетишни таклиф қилди

ASTANA. Kazinform — Американинг технологик гиганти Microsoft бутун дунё бўйлаб ходимларига компенсация тўланадиган ихтиёрий ишдан кетиш дастурини таклиф қилмоқда. Бу ҳақда душанба куни компаниянинг кадрлар масалалари бўйича директори маълум қилди, деб ёзади Euronews.

Microsoft unveils new AI safety rules for US schools
Image source: Unsplash

Ходимларга юборилган ички хатда Эми Коулман Voluntary Exit Offer дастурини компаниядаги ўзгаришларга бўлган ёндашувни янгилашнинг муҳим қисми деб атади. Унинг таъкидлашича, ушбу ташаббус ходимларга кўпроқ эркинлик бериб, касбий фаолиятини келгусида қандай давом эттиришни мустақил ҳал қилиш имконини яратади.

Дастур АҚШ, Канада, Ҳиндистон ва Буюк Британиядаги айрим бўлинмаларнинг 70-даража ва ундан паст даражадаги ходимлари учун очиқ бўлади. Улар орасида айрим раҳбарлар ҳам бор.

“Бу - маълум бир вақт давомидагина амал қиладиган ихтиёрий дастурдир. У талабларга жавоб берадиган ходимларга молиявий ёрдам ва касбий фаолиятини режалаштириш учун зарур ресурслар билан таъминланган ҳолда Microsoft компаниясидан кетиш имконини беради”, — дейилади хатда.

Дастурда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган ходимлар яқин соатлар ичида электрон почталарига таклиф ҳаволаси жойлаштирилган хат оладилар.

Умуман олганда, дастурда қарийб 60 минг киши иштирок этиши мумкин.

Жорий йилнинг июль ойида Microsoft бизнес йўналишларини қайта кўриб чиқиш ва харажатларни камайтириш мақсадида тахминан 4 800 та иш ўрнини қисқартиришини эълон қилган эди. Бу ўша пайтда компаниянинг бутун дунё бўйлаб ишчи кучининг тахминан 2,1 фоизини ташкил этган. Қисқартиришлар асосан тижорат бўлими ва Xbox ўйин бизнесига таъсир кўрсатган. Компания бу қарорни сунъий интеллектнинг аҳамияти ортиб бораётган бир даврда қабул қилди.

Жорий йилда Microsoft ходимларининг бир қисмига муддатидан олдин нафақага чиқиш имкониятини ҳам таклиф қилган.

Компания маълумотларига кўра, муддатидан олдин нафақага чиқиш дастурида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган ходимларнинг 30 фоиздан ортиғи ушбу таклифни қабул қилган. Корпорация келгусида ҳам шундай ёндашувларни кўриб чиқишини маълум қилди.