Мессининг "Интер Майами"даги маоши маълум бўлди

Шимолий Америка олий лигаси (MLS) клуби “Интер Майами”нинг аргентиналик ҳужумчиси Лионель Мессининг асосий маоши 12 миллион долларни ташкил этади. Шунингдек, у кафолатланган товон пули сифатида яна 20,45 миллион доллар олади. Бу ҳақда MLS футболчилар уюшмаси сайтида маълум қилинган, деб хабар беради Kazinform ТАСС агентлигига таяниб.

Лионель Месси
Фото: championat.com

"Интер Майами”да Мессига "Барселона"даги испаниялик жамоадошлари, ҳимоячи Жорди Альба ва ярим ҳимоячи Серхио Бускетс қўшилади.

Альбанинг асосий маоши - 1 миллион доллар, кафолатланган товон пули - 1,25 млн доллар. Бускетснинг асосий маоши - 1,5 млн доллар ва товон пули - 1,775 млн доллар олади.

Месси Франциянинг “ПСЖ” клубида икки мавсум ўйнади ва июнь ойида “Интер Майами”га ўтди. Янги клуби таркибида у 13 та ўйин ўтказиб, 11 та гол урди ва 5 та голли узатмани амалга оширди.

У билан 2018 йилда асос солинган «Интер Майами» ўзининг тарихдаги илк муваффақияти - Лига кубогига эришди.

Месси 36 ёшда. У мукофотлар сони бўйича рекордчи, 44 та унвонга эга. 2003 йилдан 2021 йилгача Месси "Барселона" таркибида бўлган ва 10 марта Испания чемпиони бўлган. У 8 марта Испания Суперкубоги, 7 марта Испания Кубоги, 4 марта Чемпионлар лигаси, 3 марта УЕФА суперкубоги ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан.

2021 йилда у йилнинг энг яхши футболчисига топшириладиган “Олтин тўп”ни 7-чи марта қўлга киритди ва рекорд ўрнатди.

Сўнгги хабарлар