Мен қозоқ бўлиб туғилганимдан фахрланаман – Димашнинг Euronewsга берган интервьюси

ASTANA. Kazinform – Euronewsга эксклюзив интервью берган Димаш Қудайберген мумтоз мусиқа, қозоқ халқ мусиқасининг бетакрор ижоди ва замонавий мусиқа ҳақида гапириб берди. Каzinform интервьюнинг норасмий таржимасини тақдим этади.

Димаш
Фото: euronews.com

Қозоғистонлик мусиқачи Димаш Қудайберген шунчаки қўшиқчи, қўшиқ муаллифи ва мультиинструменталист эмас, у ўз олдига миссияси бор инсон. У ўзининг виртуоз вокал ва жанрда тенгсиз мусиқаси билан Қозоғистоннинг бой маданияти ва анъаналарини жаҳон томошабинларига етказишни мақсад қилган. Жаҳон турнедан сўнг ватанига қайтган Димаш икки кунлик концерт дастури билан Астанадаги V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари ёпилишини ёрқин қилди.

Euronewsга берган эксклюзив интервьюсида Димаш ўзининг карьера йўли, мусиқий услубининг ривожланиши ва Бутунжаҳон кўчманчи ўйини Қозоғистон меросини намойиш этиш учун ўзига хос платформага айлангани ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

– Классик таълим олгансиз ва "Астана-Опера"га жой беришди. Аммо сиз классик элементларни анъанавий қозоқ ва эстрада мусиқаси билан уйғунлаштириб, замонавий мусиқачи карьерасини танладингиз. Ушбу ноёб аралашмани қандай яратдингиз?

– Эсимда, Астанадаги опера режиссёри мени улар билан ишлашга таклиф қилган эди. Лекин мен иложи борича турли хил мусиқа жанрларида чиқиш қилишни хоҳлаётганимни билардим. Энди опера куйламоқчи бўлсам, концертларимда куйлай оламан. Менда жуда кўп эркинлик бор. “Астана-Опера”ни жуда ҳурмат қиламан. Бир неча ой олдин, устозим Пласидо Доминго мени у билан бирга Европага чиқишга таклиф қилганида орзуим ушалди. У менга: "Бу арияга тайёргарлик кўриш учун икки кунингиз бор", деди. Мен рад эта олмадим.

5 ёшлигимда уйимизда Пласидо Доминго ва Павароттининг видеотасмаси бор эди. Ўша концертлар менинг хонанда бўлиш иштиёқимни уйғотди. Домингога у туфайли қўшиқчи бўлганимни айтдим. Мен у каби бўлишни хоҳлардим. Овоз жиҳатидан улар жуда кучли.

– Ота-онангиз 5 ёшингизда ажойиб овозингиз борлигини тушунишган. Профессионал қўшиқчи бўлишни хоҳлаганингизни қачон тушундингиз?

– Беш ёшлигимда бувим оёғи оғришига қарамай, ҳар куни мусиқа мактабига олиб борарди. Муваффақиятли бўлиб, машҳур бўлиб, пул топсам ҳам, буларнинг барчаси оилам – ота-онам, бобом ва бувим ва дўстларим шарофати эканини ҳеч қачон унутмайман. Уларнинг қўллаб-қувватлашидан яхшироқ нарса йўқ. Бувим менинг муваффақиятимга мендан кўра кўпроқ лойиқ.

– Нима учун Қозоғистон ҳаётида маданият ва мусиқа бу қадар муҳим?

– Анъанавий мусиқамизни ўрганган, унга эътибор қаратган инсонлар бутун тарихимизни ўрганиши мумкин. Тўрт-беш ёшлигимда бобом менга миллий чолғумиз – дўмбра чалишни ўргатган. Агар сиз ўзингизни ҳақиқий қозоқ деб ҳисобласангиз, унда биринчи навбатда дўмбра чалишни ўрганишингиз керак. Маданиятимизни дунёга танитиш вақти келди. Қозоғистон ёш давлат, унинг мустақиллигига эндигина 33 йил тўлди. Бу бизнинг меросимизни глобал аудитория билан баҳам кўришнинг ноёб вақти.

– Қўшиқларингизни қандай таърифлаган бўлардингиз?

– Илгари мен уни неоклассик деб атаган бўлсам, ҳозир барча жанрларни бирлаштиришга ҳаракат қиламан. Мен ҳали ҳам неоклассик қўшиқчиман. Бироқ, мен бошқа услубларни - поп, рок, баъзан ҳатто рэпни ўрганишни яхши кўраман. Бу (қандай деб аташим) мен учун унчалик муҳим эмас. Мен ҳамма нарсани синаб кўрмоқчиман.

– Сиз ҳамиша қозоқ мероси билан фахрланасиз ва клипларингизда ўз мамлакатингиздан кўпинча манзара сифатида фойдаланасиз. Нима учун бу сиз учун муҳим?

– Мен қозоқ бўлиб туғилганимдан фахрланаман. Менинг вазифам мамлакатимиз маданияти, қўшиқлари ва анъанавий мусиқасини дунёга танитишдир. Мен бутун дунёда, Нью-Йоркда, Европа ва Осиёда 20-30 минг кишилик томошабинлар олдида чиқиш қилдим ва бу фақат менинг ҳақиқий томошабинларим туфайли мумкин бўлди.

– Жаҳон кўчманчилар ўйинларида ўз ижодий кечангизни ўтказдингиз. Бу нима учун жуда муҳим бўлди?

– Олти ой олдин Ҳукумат Бутунжаҳон кўчманчи ўйинларининг очилиш маросимида чиқиш қилишга таклиф қилган эди. Мен дарҳол рози бўлдим. Чунки бу ўйиннинг мамлакатимиз ва маданиятимиз учун қанчалик муҳимлигини жуда яхши биламан. Бу нафақат анъаналаримиз, балки спорт ва от спорти бўйича ҳам истеъдодимизни намоён этиш учун ажойиб имкониятдир. Яккахон концертим бўлиб ўтганидан жуда хурсандман. Бошқа давлатда чиқиш қилиш осонроқ, лекин Қозоғистонда бошқача. Бу имтиҳондан ўтишга тенг. Чунки юртимизда бўлиб ўтадиган концертда вокал устозларим, моҳир созандалар иштирок этишади.

– Агар вақтни орқага қайтариш имкони бўлса, 5 ёшли Димашга қандай маслаҳат берган бўлардингиз?

– Кўпроқ машқ қилиш керак. Мен 25 йил таълим олдим, ҳозир 30 ёшда ҳам PhD даражасини олиш учун ўқишни давом эттиряпман. Агар сиз спортда чемпион бўлишни истасангиз, қаттиқ машқ қилишингиз керак. Мусиқада ҳам шундай – энг зўр бўлиш учун кўп меҳнат қилиш, машқ қилиш керак.

Сўнгги хабарлар