Меҳнаткашлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш: Қозоғистонда 1 сентябрда янги қўмита ташкил этилади
ASTANА. Кazinform – 2024 йил 1 сентябрдан бошлаб Қозоғистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги ҳузурида Давлат меҳнат инспекцияси қўмитаси иш бошлайди. Бу ҳақда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирининг биринчи ўринбосари Ақмади Сарбасов Давлат раҳбари топшириқлари ижроси бўйича Республика кенгашида маълум қилди.
Шунингдек, у меҳнатни муҳофаза қилиш миллий бошқарув тизимини модернизация қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапирди.
Ақмади Сарбасов сўз аввалида меҳнат муносабатлари масалалари алоҳида назоратда эканини таъкидлади. Мониторинг меҳнат хавфларининг рақамли картаси ёрдамида амалга оширилади.
Вазир ўринбосари, шунингдек, меҳнаткашлар ҳуқуқларига риоя этилиши устидан давлат назоратини кучайтиришга тўхталиб ўтди – жорий йилда иш берувчиларни текшириш 7 фоизга ошди.
Бундан ташқари, муносиб меҳнат шароитларини таъминлаш, жумладан, ҳуқуқбузарликларни, иш ҳақи бўйича қарздорликларни аниқлаш ва бартараф этиш ҳамда ишлаб чиқаришдаги жароҳатлар даражасини пасайтиришга қаратилган чора-тадбирлар юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Вазир ўринбосари меҳнатни муҳофаза қилиш миллий бошқарув тизимини модернизация қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.
“Қозоғистонда хавфсиз ва соғлом меҳнат муҳитини таъминлаш, жумладан рақамли ечимлар ва асосий бизнес жараёнларини автоматлаштириш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 2025 йилдан бошлаб профессионал хавфларни комплекс баҳолашнинг тўлиқ миқёсли тартибига ўтиш ва рақамли воситалар ва ускуналардан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратган ҳолда махсус ташкилотларга қўйиладиган талабларни кучайтириш режалаштирилган.
Шахсий ҳимоя воситаларини танлаш ва ижтимоий кафолатлар беришнинг хавф-хатарга йўналтирилган ва проактив механизмлари жорий этилади. Меҳнат шароитларини яхшилашда уч томон – давлат, иш берувчи ва ходимнинг иштирокини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўрилади, бу эса ишчи кучи сифатини ошириш ва меҳнат ресурсларини тежашга ижобий таъсир кўрсатади”, — деди Ақмади Сарбасов.
Шунингдек, “Касаба уюшмаларининг автоматлаштирилган иш жойи” ахборот модулини жорий этиш орқали штат жадвалини ўзгартириш, меҳнат ва жамоа шартномаларини электрон форматда тузиш, меҳнат муносабатларини декларациялаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўз юритилди.
Сўз якунида Ақмади Сарбасов 2024 йил 6 августда Қозоғистон Республикаси Ҳукуматининг Давлат меҳнат инспекцияси қўмитаси (кейинги ўринларда – Қўмита) ва унинг ҳудудий бошқармаларини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилгани ҳақида маълум қилди.
“Қўмита ва унинг ҳудудий бошқармаларини ташкил этиш, штатларни ташкил этиш август ойида якунланади. 1 сентябрдан бошлаб давлат меҳнат инспекторлари тўлиқ иш кунида ишлайди. Август ойи охиригача Қўмита ва маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари барча зарур ҳуқуқий ва техник жараёнларни якунлайди.
Бу меҳнат қонунчилигига риоя этилиши ва меҳнаткашларнинг меҳнат ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши устидан давлат назоратини кучайтириш имконини беради”, — деди вазир ўринбосари.