Мажилисда Қозоғистон ва Хитой ўртасидаги маданий алоқалар тўғрисидаги ҳужжат қабул қилинди
ASTANA. Kazinform – Бугун Мажилиснинг ялпи мажлисида “Қозоғистон Республикаси Ҳукумати ва Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати ўртасида маданият марказларини ўзаро ташкил этиш тўғрисидаги битимни ратификация қилиш ҳақида”ги Қонун қабул қилинди.

“Давлат раҳбарининг Хитой Халқ Республикаси билан дўстлик ва ҳамкорликка асосланган сиёсати доирасида ҳозирда қатор йирик ташаббуслар бошлаб юборилмоқда. Улардан бири Астана ва Пекинда маданият марказларини очиш қароридир. Шу муносабат билан тарихимизда илк бор Қозоғистоннинг Хитойдаги маданий маркази бу юртда халқимизни кенг тарғиб қилиш, икки давлат ўртасидаги маънавий алоқаларни янги босқичга кўтариш, ўзаро халқаро маданий-гуманитар лойиҳаларни амалга ошириш бўйича йирик ва тўлақонли марказга айланиши кўзда тутилган”, – деди Қозоғистон Республикаси Маданият ва ахборот вазири Аида Балаева.
Унга кўра, амалдаги вазирлик мазкур Марказ концепциясини яратиб, унинг мазмун-моҳиятини белгилаб берди. Хусусан, у ерда:
— кино ва концерт томошалари учун кўп функцияли зал;
— ўқув курслари, тренинглар, ижодий учрашувлар ўтказиш учун махсус майдонга эга коворкинг маркази;
— кўргазмалар ўтказиш учун яроқли кўргазмали мультимедиа майдони;
— мамлакатнинг сайёҳлик салоҳиятини кўрсатувчи махсус туризм бурчаги жойлаштирилади.
“Буларни тўғри йўлга қўйиш мақсадида вазирлик “Ўзаро маданият марказларини ташкил этиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини эътиборингизга ҳавола қилмоқда. Масаланинг мамлакатимиз учун муҳимлигини инобатга олиб, ушбу қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлашингизни сўрайман”, – деди вазир.
Умумий йиғилиш давомида депутатлар мазкур ҳужжатни муҳокама қилиб, қабул қилдилар.