Маулен Ашимбаев МДҲ давлатларининг узоқ муддатли барқарор ривожланишининг асосини номлади
МДҲ ПА Кенгаши мажлисида сўзга чиққан Маулен Ашимбаев жорий йилда Қозоғистон Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига раислик қилаётганини эслатиб, ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва томонларни қизиқтирган соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга қаратилган ишнинг асосий устувор йўналишлари ва натижаларига тўхталиб ўтди.
Сенат Раиси МДҲ саммитида Қасим-Жомарт Тоқаев Ҳамдўстлик доирасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича қатор янги ташаббусларни илгари сурганини эслатди. Шу муносабат билан Маулен Ашимбаев ҳамкасбларини Қозоғистон таклифларини қўллаб-қувватлашга чақирди, шунингдек, парламент дипломатиясини янада ривожлантириш ва МДҲ давлатларининг қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади.
«Бизнинг ҳамкорликдаги фаолиятимизни прагматик ва ишончли тарзда изчил давом эттириш жуда муҳим. Мамлакатларимиз миллий манфаатларини ўзаро ҳурмат қилишга асосланган ҳар томонлама ҳамкорлик Ҳамдўстликнинг узоқ муддатли барқарор ривожланишининг асосидир. Бу барча мамлакатларимиз иқтисодиёти юксалиши ва фуқаролар фаровонлиги учун шароит яратмоқда. Ассамблея майдончасида ана шундай форматда ўзаро ҳамкорлигимиз ва мулоқотимиз шаклланмоқда»
, — деди Маулен Ашимбаев.
Сенат раиси Парламентлараро ассамблея ва МДҲ мамлакатлари парламентларидаги ҳамкасбларига Қозоғистон Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича республика референдумига халқаро кузатувчилар гуруҳини юборгани учун миннатдорлик билдирди.
«Қозоғистон учун ўтган референдум чинакам тарихий аҳамиятга эга эди. Овоз бериш якунлари Давлат раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли конституциявий ислоҳотларни янада мустаҳкамлади. Қозоғистон халқи тизимли ўзгаришлар ва тараққиётнинг эволюцион йўли учун овоз берди. Конституцияга киритилган ўзгартишларнинг қабул қилиниши мамлакатимизнинг давлат институтларини шакллантириш ва ўзаро ҳамкорлигининг янги моделига ўтишини назарда тутади»
, — деди Маулен Ашимбаев.
У Ҳамдўстлик парламентарийларини Жорий йилнинг 20 ноябрида бўлиб ўтадиган Қозоғистон Республикаси Президенти навбатдан ташқари сайловларига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини мониторинг қилишда фаол иштирок этишга чақирди.
Фото: senate.parlam.kz