Маулен Ашимбаев америкалик сенатор билан бир қатор масалаларни муҳокама қилди

Маулен Ашимбаев америкалик сенатор билан бир қатор масалаларни муҳокама қилди
Фото: Сенат матбуот хизмати

ASTANA. Кazinform – ҚР Парламенти Сенати раиси Маулен Ашимбаев АҚШ конгресси сенатори Стив Дэйнс билан учрашди. Унда икки томонлама парламентлараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Сенат матбуот хизмати хабарига кўра, суҳбат чоғида юқори даражадаги давлатлараро доимий сиёсий мулоқот Қозоғистон-АҚШ муносабатларини ривожлантиришга катта таъсир кўрсатаётгани таъкидланди. Ўтган йилнинг сентябрь ойида икки давлат президентлари Қасим-Жомарт Тоқаев ва Жо Байден Нью-Йоркдаги БМТ Бош Ассамблеяси майдонида бўлиб ўтган “C5+1” саммити доирасида учрашган эди. АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ўтган йилнинг февраль ойида Қозоғистонга расмий ташриф билан келгани ҳам маълум. Учрашувда кўп томонлама ва парламентлараро алоқаларни ривожлантириш масалалари алоҳида таъкидланди.

“Икки давлат президентлари ўзаро муносабатларимизнинг стратегик устувор йўналишлари ва кун тартибини белгилаб бердилар ҳамда Қозоғистон-АҚШ муносабатларини янада ривожлантириш учун муҳим қадамлар қўйишди. Айни пайтда давлатларимиз ўртасида қизғин сиёсий мулоқот олиб борилмоқда. Савдо-иқтисодий ҳамкорлик ҳам фаол ривожланиб, кенг кўламли шартнома-ҳуқуқий база мавжуд. Мамлакатларимиз раҳбарлари томонидан йўлга қўйилган яқин ҳамкорлик бошқа соҳаларда, жумладан, қонун чиқарувчи органларда ҳам юқори даражада қўллаб-қувватланиши керак”, — деди Маулен Ашимбаев.

Шу билан бирга, суҳбатдошлар савдо-иқтисодий ҳамкорлик йўналишида Парламент депутатларининг биргаликдаги фаолияти ва бошқа масалаларни муҳокама қилдилар. Сенат Спикери Давлат раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотларни қонунчилик билан таъминлаш, шунингдек, Жаҳон ва анъанавий динлар етакчилари съезди концепциясини амалга ошириш борасидаги Парламент фаолиятига тўхталди.

Ўз навбатида Стив Дэйнс Қозоғистонда амалга оширилаётган комплекс модернизация ишларини юқори баҳолади. Сенатор, шунингдек, ўзаро ҳамкорликни жонлантириш, демократияни ривожлантириш, янги иқтисодий моделга ўтиш, маънавий дипломатияни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар самарадорлигига эътибор қаратиш тарафдори эканини таъкидлади.

Сўнгги хабарлар