Марказий Осиёда музликларнинг эриши ва сув танқислиги жиддий муаммоларга айланиб бормоқда
ASTANА. Кazinform — Марказий Осиёда музликларнинг эриши, сув танқислиги ва қурғоқчилик муаммолари тобора кескинлашиб бормоқда. Бу ҳақда Қурултой депутати Айжан Сқақова Бутунжаҳон фан кунига бағишланган халқаро конференцияда маълум қилди.
Депутатнинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда иқлим ўзгариши минтақанинг сув ресурсларига таъсир кўрсатмоқда.
— Сўнгги йилларда сув балансида сезиларли ўзгаришлар кузатилмоқда. Музликларнинг эриши, дарёлар оқимининг ўзгариши, қурғоқчилик ва чўлланиш Марказий Осиё учун тобора жиддий муаммоларга айланиб бормоқда. Фан нафақат бу ўзгаришларни тушунтириши, балки келажакдаги таҳдидларни башорат қилиш ва аниқ ечимларни топишга ҳам ёрдам бериши керак, — деди Айжан Сқақова.
Унинг сўзларига кўра, ҳатто баҳорда тошқинларни бошдан кечирган Қозоғистон ҳудудлари ҳам ёзда сув танқислигига дуч келиши мумкин. Шунинг учун тошқин сувини тежаш ва ундан кейинроқ фойдаланиш йўлларини ўрганиш керак.
— Шу мақсадда депутат бошчилигидаги илмий лойиҳа Жамбил, Алмати, Жетису, Абай ва Шарқий Қозоғистон вилоятларида амалга оширилди. Олимлар баҳорги тошқин сувларини ер остида тўплаш ва ер ости сувлари захираларини тўлдириш имкониятларини ўрганиб чиқдилар, — деди у.
Бундан ташқари, Айжан Сқақова Қозоғистоннинг сув муаммосини ҳал қилишга қаратилган халқаро ташаббусларига ҳам тўхталди. Унинг сўзларига кўра, мамлакатимиз БМТ доирасида халқаро сув ташкилотини тузишни таклиф қилди. Ҳозирда бу масала бўйича ишлар олиб борилмоқда.
— Бундан ташқари, Қозоғистон 2025–2029 йилларда ЮНEСКОнинг Сув ресурсларини ўрганиш бўйича ҳукуматлараро кенгашига сайланди. Бу мамлакатимизга бошқа давлатлар билан биргаликда сув ресурсларини ўрганиш имконини беради, — деди у.
Депутат шунингдек, Алматида ЮНEСКО мақомига эга музликларни тадқиқ қилиш маркази фаолият юритаётганини таъкидлади. Қозоғистондаги музликлардан бири глобал мониторинг тармоғига киритилган.
Эслатиб ўтамиз, Марказий Осиё олимлари учун рақамли платформа ишлаб чиқилди.