Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик дастурига аъзо давлатлар божхоначилари йиғилди

Тошкентдаги “Hilton Tashkent City” меҳмонхонаси
Фото: ЎР Давлат божхона қўмитаси

Тошкентдаги “Hilton Tashkent City” меҳмонхонасининг мажлислар залида Осиё тараққиёт банкининг “Марказий Осиёда мижозларга яхшироқ хизмат кўрсатиш учун энг яхши божхона” дастури доирасида Ваколатли иқтисодий операторлар (ВИО) дастурини кенгайтириш ва амалга оширишни жадаллаштиришбўйича минтақавий семинар ўз ишини бошлади, деб хабар беради Kazinform ЎР Давлат божхона қўмитасига таяниб.

Мазкур семинарда Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик дастури (ЦАРЭС)га аъзо давлатлар, яъни Озарбайжон, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон Республикаси, Мўғилистон, Покистон, Хитой Халқ Республикаси, Тожикистон, Туркманистон ҳамда Ўзбекистон божхона хизматларининг вакиллари, транспорт операторлари уюшмалари ва ривожлантириш бўйича шериклар иштирок этишмоқда.

ЎР Божхона қўмитаси Раиси ўринбосари Нодир Мусамуҳамедов иштирокчиларни мамлакатга ташрифи билан қутлар экан, савдо хавфсизлигини таъминлаш ва божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш йўлида божхона хизматлари тадбиркорлик фаолияти субъектлари билан шериклик муносабатларини ривожлантириши мақсадга мувофиқ эканлигини таъкидлади.

Семинар давомида таъкидланганидек, савдони енгиллаштириш ва халқаро стандартларни жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикасида 2019 йилдан бошлаб ВИО институти жорий этилган бўлиб, мазкур институт фаолиятининг муваффақиятли йўлга қўйилиши натижасида ҳозирги кунда Ўзбекистонда 53 та ВИОлар фаолият юритмоқда ва импорт-экспорт операцияларини амалга оширишда уларга тегишли имтиёзлар тақдим этилмоқда.

Тошкентдаги “Hilton Tashkent City” меҳмонхонаси
Фото: ЎР Давлат божхона қўмитаси

Бугунги кунда Ўзбекистон асосий савдо ҳамкорлари бўлган Россия ва Хитой билан ВИОларни ўзаро тан олиш бўйича Битимларни имзолаган бўлиб, Корея, Япония, Туркия ва Беларусь билан бундай келишувларни тузиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Глобал савдога кўмаклашган ҳолда, ягона стратегиялар тизимини ишлаб чиқиш ва божхона назоратини оптималлаштиришдаги асосий талаблар ҳақида хабардорликни оширишга қаратилган мазкур семинар давомида Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик дастурига аъзо мамлакатлардан ташриф буюрган ВИО бўйича халқаро экспертлар иштирокчилар билан ВИОларнинг жадал дастурини ишлаб чиқиш ва амалга оширишдаги тажрибаси билан бўлишмоқда.

Мазкур семинар 2 ноябрга қадар давом этади.

Сўнгги хабарлар