Марказий Осиё - барқарор, хавфсиз минтақа – Европа Иттифоқининг Қозоғистондаги элчиси

Европа Иттифоқининг Қозоғистондаги элчиси
Фото: ЮНЕСКОнинг Алматидаги минтақавий офиси матбуот хизмати

ASTANA. Kazinform - Астана шаҳрида “Марказий Осиёдаги Ипак йўли мероси йўлаклари – Европа маданий мерос йилининг халқаро аспектлари” лойиҳаси натижалари тақдим этилди. Европа Иттифоқининг Қозоғистондаги элчиси Кестутис Янкаускас Европа Иттифоқи давлатларидан сайёҳларни жалб қилиш учун туризм соҳасини яхшилашда нималар муҳимлиги ҳақида гапирди, деб хабар беради Каzinform мухбири.

“Марказий Осиёда Ипак йўли мероси йўлаклари – Европа маданий мерос йилининг халқаро аспектлари” лойиҳаси Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилади ва ЮНEСКОнинг Алматидаги минтақавий бюроси томонидан 2018 йилдан буён Марказий Осиё мамлакатларида амалга оширилмоқда.

Лойиҳа амалга оширилган 5 йил давомида Ипак йўли бўйлаб мерос объектлари қайта тикланди, маданий меросга асосланган сайёҳлик салоҳияти ривожлантирилмоқда, бенефициар мамлакатларда номоддий маданий меросни сақлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

— Европа мамлакатлари резидентлари Марказий Осиёни қайтадан кашф этмоқда. Қисман, чунки у бўлажак бешинчи Жаҳон кўчманчилар ўйинлари каби қизиқарли тадбирларга мезбонлик қилади. Минтақа барқарор, хавфсиз, меҳмондўст, маданий ва табиий хусусиятларга эга. Бу йўналиш ҳали сайёҳлар орасида унчалик машҳур эмас, аммо вазиятни яхшилаш учун ҳаво транспортини йўлга қўйиш ва маълумотларга киришни таъминлаш керак. Биз бир қатор лойиҳаларга, масалан, Транскаспий транспорт йўлагига, ҳаво транспорти бўйича миллий лойиҳаларга, кичик ва ўрта бизнесга миллионлаб евро сармоя киритдик. Уларнинг барчаси бир-бирига боғланган ва ягона мақсад – Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида бизнес, маданият ва алмашинув учун янада яхши алоқаларни яратиш, - деди Европа Иттифоқининг Қозоғистондаги элчиси.

Унинг сўзларига кўра, лойиҳалардан асосий мақсад Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида маданий мерос соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, уни асраб-авайлаш ва туризмни ривожлантиришдан иборат. Шунингдек, лойиҳа доирасида реставраторлар, археологлар, гидлар ва ҳунармандлар учун тренинглар ташкил этилди.

— Яқинда Туркистонда, Хожа Аҳмад Яссавий мақбарасини зиёрат қилдим. У ерга боришга арзийди. Кўриш учун кўп нарса бор. Туркистон атрофидаги барча инфратузилма маданий мерос маркази сифатида анча ривожланган. Биз у ерга ҳамкасбларимиз билан бордик, лекин Қозоғистонда ҳамманинг ҳам қариндошлари, дўстлари ва танишлари йўқ. Маҳаллий тилларни билмайдиган европалик сайёҳ ўзи меҳмонхона, машина ва қизиқарли жойларга маршрут излаши керак бўлса нима қилади? Қозоғистон Туризм вазирлиги ҳозирда барча керакли маълумотларни қулай ва сифатли қилиш учун жуда яхши ишламоқда. Менимча, сайёҳлар кўпаймоқда, Европада Қозоғистон ҳақидаги билимлар ортиб бормоқда, — деди Европа Иттифоқининг Қозоғистондаги элчиси Кестутис Янкаускас.

Сўнгги хабарлар
telegram