Марказий Осиёда гендер тенглиги соҳасида жиддий ўзгаришлар рўй беряпти – Аида Балаева
«Биз бугунги тадбирда иштирок этгани учун минтақа мамлакатлари ҳукуматлари ва қонун чиқарувчи органларига чуқур миннатдорчилигимизни билдирамиз. Бугунги кунда гендер тенглиги ва аёллар етакчилиги соҳасида жиддий ўзгаришлар рўй беряпти ва унда Марказий Осиёдаги етакчи аёллар мулоқотининг роли катта.У доимий равишда минтақада аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш билан боғлиқ тизимли ўзгаришларга ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка ҳисса қўшади. «Узоқ қариндошдан яқин қўшни афзал», дейди қозоқ халқи, шунинг учун Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари фаол аёлларининг гендер тенглиги йўлидаги саъй-ҳаракатлар мулоқотимизнинг асосий миссиясидир», – деди Аида Балаева.
Унинг қўшимча қилишича, ушбу мулоқот аёллар ишбилармон доиралари, академик ва илмий доиралар, нодавлат фуқаролик секторининг энг ёрқин етакчиларини бирлаштиради.
«Бу рўйхатда, албатта, аёл депутатлар алоҳида ўрин тутади. Ана шундай салоҳиятдан келиб чиқиб, аёлларимиз, оилаларимиз турмуш сифатини яхшилаш, айниқса, глобал ва минтақавий муаммолар олдида умумий муаммоларни биргаликда ҳал этишимиз мумкин. Қозоғистонда ушбу глобал муаммони ҳал этишда Президент ҳузуридаги Хотин-қизлар ишлари ва оилавий-демографик сиёсат бўйича миллий комиссия зиммасига катта масъулият юкланган. У шошилинч ва ўткир ижтимоий муаммоларни ҳал этиш учун яратилган», – дея қўшимча қилди Аида Балаева.
Эслатиб ўтамиз, Астана шаҳрида Қозоғистон раислиги доирасида БМТ кўмагида ташкил этилган Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқотининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтяпти.
Муаллиф: Серик Сабеков