Марказий Осиё давлатларининг манфаатлари ва бурчлари муштарак – ҚР Сенати раиси

None
TÚRKİSTAN. Кazinform – Сенат раиси Маулен Ашимбаев Туркистонда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатларининг биринчи парламентлараро форумида иштирок этди ва нутқ сўзлади, деб хабар беради Кazinform.

«Юз йиллар давомида Шарқ ва Ғарбни боғлаб турган, ўрта асрларда савдо йўли ҳисобланган Буюк ипак йўли Марказий Осиё ҳудудидан ўтган. Натижада ягона савдо, алоқа ва маданий макон шаклланди. Ана шундай умумий тарих билан бир қаторда бугунги яқин муносабатларимиз ҳам бизни боғлаб туради. Ҳозирда Марказий Осиё давлатларининг умумий манфаатлари ва вазифалари бор. Шу боис яқин ҳамкорлик ва ишончга асосланган мулоқотни мустаҳкамлаш, минтақа келажагини белгилаб берадиган ташқи ва ички муаммоларга биргаликда қарши туриш муҳим аҳамиятга эга. Бу масалалар давлатларимиз раҳбарларининг икки томонлама ва кўп томонлама учрашувларида мунтазам муҳокама қилинмоқда. Биз парламентлараро мулоқот чоғида ушбу устувор вазифани изчил тарғиб қилишимиз керак», — деди Маулен Ашимбаев.

Бу борада Сенат Раиси ҳамкорликнинг 5 та асосий йўналишига алоҳида тўхталиб ўтди. Мазкур Форумнинг парламентлар мулоқоти ва парламентлараро ҳамкорликнинг аниқ йўналишларини муҳокама қилиш учун самарали платформа сифатидаги ўрни шулар жумласидандир. Шу билан бирга, ислоҳотларни қонунчилик билан таъминлаш ва минтақадаги долзарб муаммоларни – трансчегаравий дарёлардан ҳамкорликда фойдаланиш, экологик ва энергетика барқарорлигини таъминлаш, шунингдек, уларни ҳал этишда ўзаро тажриба алмашиш платформаси имкониятларидан самарали фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга.

Маулен Ашимбаев эътибор қаратган яна бир таклиф маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва Марказий Осиё мамлакатлари зиёлилари ўртасидаги мулоқотни кучайтириш масаласи билан боғлиқ.

«Бугунги парламентлараро форум Парламент вакилларининг тизимли фаолияти учун самарали минбарга айланади, деб ҳисоблайман. Шунинг учун биз ушбу Форумни ҳар йили Марказий Осиё давлатларидан бирида ўтказишни тавсия қиламиз. Кенг кўламли йиғилиш нафақат пойтахтларда, балки халқларимиз учун муқаддас ҳисобланган, маданий-тарихий аҳамиятга эга бўлган бошқа шаҳарларда ҳам ўтказилиши мумкин. Келгусидаги кўп томонлама муносабатларимизнинг устувор йўналишлари Туркистон декларациясида баён этилган», — дея қўшимча қилди Сенат раиси.

Аввал хабар қилинганидек, Туркистонда Марказий Осиё давлатларининг биринчи парламентлараро форуми бўлиб ўтмоқда. Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Марказий Осиё давлатлари парламентлараро форуми иштирокчиларига табрик мактуби йўллади.

Форум ишида қандай муҳим масалалар кўтарилиши ҳам айтиб ўтилди.

Тадбир давомида МО мамлакатлари парламентлараро форумида Туркистон декларацияси қабул қилинади.

Фото: Қозоғистон Республикаси Сенати матбуот хизмати