Манчестер шаҳрида Қозоғистоннинг Фахрий консуллиги очилди
MANCHESTER. Kazinform - Буюк Британиянинг энг йирик ва динамик шаҳарларидан бири бўлган Манчестерда Республика куни арафасида қозоғистонликларни қўллаб-қувватлаш ва савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи Қозоғистоннинг Фахрий консуллиги очилди, дея хабар бермоқда Кazinform агентлиги мухбири.
Очилиш маросимида британиялик сиёсатчилар, Манчестер Сити кенгаши аъзолари, қозоғистонлик дипломатлар, талабалар, шунингдек, ишбилармон доиралар, экспертлар ҳамжамияти вакиллари ва журналистлар иштирок этди. Тадбирда Буюк Британияда хизмат сафари билан бўлган “Болашақ” халқаро дастурлар маркази раҳбари Алия Оспанова ҳам иштирок этди.
Саноат инқилобининг бешиги ҳисобланган Манчестер узоқ вақтдан бери нафақат Буюк Британиянинг саноат пойтахти, балки бутун дунёдан истеъдодларни ўзига жалб этувчи халқаро таълим, фан ва инновациялар маркази сифатида ҳам ўзини намоён қилди.
Қозоғистоннинг Буюк Британиядаги элчиси Мағжан Илясов ўз нутқида Фахрий консулликнинг ташкил этилиши Қозоғистон-Британия муносабатлари ривожига янги суръат бағишлашини таъкидлади.
– Манчестер шаҳрида Фахрий консулхонанинг очилиши ҳамкорлигимизни чуқурлаштириш йўлидаги муҳим қадамдир. Фахрий консуллик бу ерда истиқомат қилаётган ва таҳсил олаётган қозоғистонликларни қўллаб-қувватлаш, иқтисодий ва маданий алоқаларимизни ривожлантиришда муҳим бўғинга айланади, деб умид қиламиз. Манчестер қадимдан инновациялар ва бизнес маркази сифатида эътироф этилган ва энди бизда ҳамкорлик қилиш учун қўшимча имкониятлар мавжуд, - деди дипломат.
Қозоғистоннинг Манчестердаги Фахрий консуллиги асосий эътиборни қозоғистонликларни қўллаб-қувватлаш, маданий алмашинув ва бизнес алоқаларини ривожлантиришга қаратади. Янги муассаса Буюк Британия билан ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган лойиҳа ва тадбирлар марказига айланади.
Фахрий консул лавозимига тайинланган таниқли ҳуқуқшунос, Манчестер шаҳрининг собиқ лорд-мэри Латиф Чохан ўзига билдирилган ишонч учун миннатдорчилик билдириб, мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий ва маданий алоқаларни мустаҳкамлашга фаол ҳисса қўшишга содиқлигини яна бир бор тасдиқлади.
– Қозоғистоннинг Манчестердаги фахрий консули бўлиш мен учун катта шарафдир. Иқтисодий, маданий ва илмий алоқаларимиз ривожига кўмаклашиш учун бор имконият ва тажрибамни ишга солишни режалаштирганман. Биз қозоқ диаспораси ўзини ватандагидек ҳис қилиши, британиялик инвесторлар Қозоғистон билан ҳамкорликнинг янги истиқболларини кўриши учун ҳаракат қиламиз, — деди у.
Манчестернинг 118 миллиард доллардан ортиқ ялпи ички маҳсулоти Словакияникига тенг. Унинг кучли таъминот занжири, малакали ишчи кучи ва бозорга кенг кириш имконияти Jaguar Land Rover, ARM, AECOM, BAE Systems, Balfour Beatty, Cargill, Heinz, Hitachi, Jacobs Engineering, Kellogg's, NXP, Siemens, Unilever и WSP Parsons Brinckerhoff каби етакчи компанияларни жалб қилади.
Сўнгги йилларда Манчестерда таҳсил олаётган қозоғистонлик талабалар сони сезиларли даражада ошгани унинг муҳим таълим маркази эканлигини билдиради. 25 нафар Нобель мукофоти совриндорларини етиштирган Манчестер университети каби шаҳардаги университетлар ўзларининг юқори академик стандартлари туфайли дунёнинг турли бурчакларидан талабаларни жалб этишда давом этмоқда.
Манчестер шаҳрида Фахрий консулликнинг очилиши Қозоғистон-Британия муносабатлари ривожида янги босқич рамзи бўлиб, сармоявий, савдо-иқтисодий алоқалар ҳамда маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун платформа яратади.
Эслатиб ўтамиз, Фахрий консулликка фахрий (штатсиз) консул раҳбарлик қилади, у тавсия этган давлатнинг давлат хизматида бўлмаган ҳолда, элчихонага айрим консуллик функцияларини бажаришда, хусусан, Қозоғистон фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда бепул ёрдам кўрсатади.
Буюк Британиянинг бешта компанияси Қозоғистондаги конларни ўрганаётгани аввалроқ маълум қилинган эди.
Муаллиф: Тимур Дуйсекеев