Мамлакат келажаги ҳақидаги қарорларда бизнес вакилларининг фикри инобатга олиниши керак — Динара Шукижанова
ASTANA. Kazinform — Қозоғистоннинг стратегик ривожланиш йўналишини белгилашда мамлакат иқтисодиётини тараққий эттиришга ҳисса қўшаётган тадбиркорларнинг тажрибасини инобатга олиш муҳим. Бу ҳақда Қозоғистоннинг стратегик ривожланиш масалалари бўйича экспертлар гуруҳи аъзоси, «АгромашХолдинг KZ» акциядорлик жамияти президенти Динара Шукижанова маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, саноат соҳасида узоқ муддатли режалаштириш муҳим аҳамиятга эга. Чунки завод қуриш, янги ишлаб чиқариш корхонасини очиш, технологияларни жорий этиш ва мутахассислар тайёрлаш вақт, инвестиция ҳамда тўғри қарорлар қабул қилишни талаб этади.
“Қозоғистоннинг узоқ муддатли ривожланиш стратегияси давлат, бизнес ва жамият ўртасидаги яқин мулоқот асосида шаклланиши керак, деб ҳисоблайман. Стратегик қарорлар қабул қилишда нафақат глобал тенденциялар ва прогнозлар, балки мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришга ҳар куни ҳисса қўшаётган инсонларнинг амалий тажрибасини ҳам инобатга олиш муҳим”, — деди Динара Шукижанова.
Экспертлар гуруҳи аъзоси Қозоғистон шу кунга қадар салмоқли ютуқларга эришгани ва мамлакатнинг келгусидаги тараққиёти учун мустаҳкам асос мавжудлигини ҳам таъкидлади.
“Бугун мамлакатимизни 10-20 йилдан кейин қандай ҳолатда кўришни исташимизни ва бунинг учун ҳозирдан бошлаб нималар қилишимиз кераклигини англаш муҳим”, — деди у.
Шунингдек, Динара Шукижанова билдирилган ишонч ва ушбу ишда иштирок этиш имкониятини тақдим этгани учун Давлат раҳбарига миннатдорлик билдирди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Давлат раҳбари Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги стратегик ривожланиш масалалари бўйича экспертлар гуруҳи таркибини тасдиқлаган эди.