Малидаги ҳужумда БМТ миссиясининг уч вакили яраланган

«Бер шаҳридан кетаётган конвой икки марта ҳужумга учради. Яраланган уч нафар тинчликпарвар аскар тиббий ёрдам кўрсатиш учун Тимбукту шаҳрига эвакуация қилинди», – дейилади миссиянинг 13 август куни Х (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғида эълон қилинган хабарида.
Аввалроқ MINUSMA хавфсизлик билан боғлиқ вазият ёмонлашгани сабабли тинчликпарвар кучлар тезда олиб чиқилишини эълон қилган эди. 16 июнда Мали ҳукумати БМТ Хавфсизлик Кенгашига MINUSMA қўшинларини мамлакатдан тезда олиб чиқиб кетиш бўйича сўров юборди. Малининг ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазири Абдулайе Диоп БМТ тинчликпарвар кучлари мамлакатда хавфсизликни таъминлашга қодир эмаслигини айтди. 30 июнда БМТ Хавфсизлик Кенгаши MINUSMA мандатини тўхтатиб туришга қарор қилди.
БМТ буйруғига кўра, тинчликпарвар контингент 31 декабргача мамлакатни тарк этиши керак.