Малайзия авиакомпанияси Қозоғистонда виртуал хаб яратади

ASTANA. Kazinform – Малайзия авиакомпанияси Қозоғистонга рейсларни очишни режалаштирмоқда, деб хабар беради Kazinform ҚР Индустрия ва инфратузилмаларни ривожлантириш вазирлиги матбуот хизматига таяниб.
None

ҚР Индустрия ва инфратузилмаларни ривожлантириш вазири Қайрбек Ўскенбаев Air Asia Aviation Group компаниясининг тижорат директори Карен Чан хоним билан учрашди. Ушбу йиғилишда Фуқаро авиацияси қўмитаси раиси Талғат Ластаев, Air Asia Aviation Group компаниясининг даромадлар ва йўналишлар бўйича директори жаноб Пол Кэрролл ва Air Asia X авиакомпания ижрочи директори жаноб Беньямин Исмаил иштирок этди.

Суҳбат чоғида Қозоғистон ва Малайзия ўртасида мунтазам йўловчи ва юк ҳаво қатновини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Air Asia Aviation Group вакиллари авиакомпаниянинг биринчи босқичда Куала-Лумпур (Air Asia X) ва Бангкокдан (Thai Air Asia X) Алмати шаҳрига ҳафтасига 4 та рейс ва ҳафтасига 3 та рейсни Астанага йўлга қўйишни режалаштирганини маълум қилди.

Шунингдек, Air Asia авиакомпанияси Қозоғистон ҳудудида «виртуал хаб» яратиш ва шу билан бирга Истанбул (Туркия), Париж (Франция), Франкфурт (Германия), Лондон (Буюк Британия) шаҳарларига «ҳаво эркинлиги» нинг бешинчи даражаси билан парвоз қилишни режалаштирмоқда.

Икки давлат ўртасида авиақатновларнинг очилиши савдо-иқтисодий алоқалар, туризм ва ишбилармонлик ҳамкорлигини янада ривожлантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Air Asia Осиёдаги энг йирик бюджетли авиакомпания ҳисобланади. 1996 йилда ўз фаолиятини бошлаган авиакомпания 600 миллиондан ортиқ йўловчини ташиди. Бундан ташқари, компания самолётлари дунёнинг 25 мамлакатидаги 400 дан ортиқ йўналишларга парвоз қилади. Самолёт паркида 250 дан ортиқ самолётлар мавжуд.

Сўнгги хабарлар