Мактаблар ва олий ўқув юртларида рақамли саводхонлик бўйича таълим дастури жорий этилади
ASTANA. Kazinform - Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев “Адолатли Қозоғистон: қонун ва тартиб, иқтисодий ўсиш, жамоатчилик оптимизми” деб номланган Мурожаатномасида мактаблар ва олий ўқув юртларида рақамли саводхонлик бўйича таълим дастурини жорий этиш бўйича топшириқ берди.
“Жамиятда ҳуқуқ-тартибот мафкурасини чуқур қарор топтириш зарур. Рақамли технологияларнинг кундалик ҳаётимизга кенг кириб бориши турли фирибгарликларнинг кўпайишига олиб келди. Бунга барчамиз гувоҳмиз. Шу сабабли, молия ва иқтисод асосларини билиш, асосий рақамли кўникмаларни ўрганиш жуда муҳимдир. Шу ўринда «Amanat» партияси томонидан таклиф этилган “Қарзсиз жамият” лойиҳасини ҳам алоҳида таъкидламоқчиман. Фуқароларнинг молиявий саводхонлигини оширишга қаратилган ушбу лойиҳада ўтган йили 65 минг киши иштирок этди. Бу йил эса бундан ҳам кўпроқ одам қатнашади.
Мактаблар ва олий ўқув юртларида молиявий ва рақамли саводхонлик асосларини ўргатувчи таълим дастурини жорий этиш зарур”, - деди Давлат раҳбари.
Президент бу ишни Ҳукумат молия соҳасини назорат қилувчи органлар билан биргаликда амалга ошириши кераклигини айтди.
“Буларнинг барчаси фуқароларимизга турли фирибгарлар тузоғига тушиб қолмаслик имконини бермоқда. Барча ваколатли органлар фирибгарлик ва қонунга бўйсунувчи жамоатчиликка таъсир кўрсатадиган бошқа шунга ўхшаш ноқонуний ҳаракатларга қарши қатъий чоралар кўришлари керак.
Айни пайтда “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Жамоатчилик ва давлат аппарати мазкур қонун талабларини бажариш учун саъй-ҳаракатларни сафарбар этиши зарур. Шундагина биз вазиятни тўғрилаб, қонун устуворлиги ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлай оламиз.
Ҳар қандай жамиятнинг, жумладан, бизнинг жамиятнинг талаблари ҳам асосий тушунчалар – адолат ва хавфсизликдан келиб чиқади. Бу асосий талабларнинг тўлиқ тўланиши давлат самарали ишлаётганини яққол кўрсатмоқда”, - деди Президент.