Маккарти энди Вакиллар палатаси спикери эмас

Маккарти энди Вакиллар палатаси спикери эмас
Фото: speaker.gov

Республикачи Кевин Маккарти АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери лавозимидан кетди. Бу қарорга қуйи палатада бўлиб ўтган овоз бериш натижасига кўра келинди. 216 конгрессмен айни ташаббусни қўллаган бўлса, 210 киши қарши чиқди, деб хабар беради Kazinform ЎзАга таяниб.

Овоз бериш ва резолюция қабул қилиш ғояси муаллифи Маккартининг партиядоши Мэтт Гетц эди. У душанба оқшомида ҳамкасблари эътиборига кўриб чиқиш учун шу таклифни киритган. Маккарти ва Гетц ҳамда қуйи палатанинг бошқа аъзолари ўртасидаги кескин мафкуравий келишмовчилик ўзгаришнинг асосий сабабидир. Тасдиқланган 2024 молиявий йил давлат бюджети шароитида, федерал ҳукумат фаолиятини молиялаштириш тўхтатилишининг олдини олишда демократлар билан келишувга бормагани учун партиядошлар спикерни кечира олмади.

Маккарти 2023 йил январда сайланган Вакиллар палатаси спикерлиги АҚШ давлат иерархиясида учинчи мартаба ҳисобланади. Республикачи Патрик Макгенри янги раҳбар сайлангунча ушбу лавозимни вақтинча эгаллаб туради. Қуйи палата спикери бўшатилиши АҚШ тарихида биринчи марта рўй бермоқда. Сўнгги бор шу мақсадда овоз бериш жараёни 113 йил аввал бўлиб ўтган, аммо ўшанда мулозимни лавозимидан кетказишга эришилмаган. АҚШ Президенти Жо Байден қисқа вақт ичида янги спикер сайланишига умид билдирди. Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пьер тарқатган баёнотда айтилган.

– Байден Конгресснинг ҳар иккала палатасидаги партиялар билан чин кўнгилдан ишлашга доим тайёр эканини маълум қилди, – дейилган баёнотда. – Мамлакатда кутилмаган воқелик содир бўлди. Вакиллар палатаси тез орада спикерни сайлаб олади.

Республикачи конгрессмен Мэтт Гетц АҚШ собиқ Президенти Дональд Трампнинг Вакиллар палатаси спикери лавозимига номзод кўрсатиши таклифини киритди. Бу ҳақда у “CBS” телеканалига интервьюсида маълум қилди. Гетц ишонч билан айтишича, Трамп даврида АҚШ ички ва ташқи сиёсатида сезиларли муваффақиятларга эришилган.

Сўнгги хабарлар