Маҳаллий онлайн-дўконларни ривожлантириш керак – ҚР Бош вазири
ASTANA. KAZINFORM - Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихан Смаилов маҳаллий интернет-дўконларни ривожлантиришга чақирди. Ҳукумат раҳбарининг сўзларига кўра, бунинг учун тўлов тизимлари, транспорт-логистика инфратузилмаси ҳамда курьерлик хизматларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш зарур, деб хабар беради Kazinform.

— Бутун дунёда электрон тижорат бозори изчил кенгайиб бормоқда. 2025 йилга бориб дунёда онлайн-тижорат улуши умумий чакана савдонинг 25 фоизидан ошиши кутилмоқда. Ушбу ўсишнинг катализатори онлайн ва офлайн дўконларнинг бизнес жараёнларидаги ўзгаришлар, маҳсулотларни жойлаштириш ва реклама қилишнинг янги форматлари бўлади. Бу харидорларни жалб қилади ва уларнинг вақтини тежайди. Қозоғистонда 2023 йилда электрон тижорат ҳажми 2,2 триллион тенгедан ошди ва бутун чакана савдонинг 13 фоизини ташкил этди. Бозоримизнинг салмоқли қисмини хорижий интернет сайтлари эгаллайди. Биз бу имкониятдан Қозоғистон маҳсулотларини жаҳон бозорида сотиш учун қўшимча канал сифатида фойдаланишимиз керак, — деди Бош вазир Ҳукумат йиғилишида.
Алихан Смаиловнинг фикрича, биз маҳаллий интернет-дўконларни ривожлантиришимиз керак. Бош вазир таъкидлаганидек, бунинг учун тўлов тизимлари, транспорт-логистика инфратузилмаси ва курьерлик хизматларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш зарур.
— Худди шундай муҳим масала – истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш. Ушбу муаммони ҳал қилиш учун зарур тузатишлар ишлаб чиқилди ва “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасига киритилди. Ушбу ҳужжат ҳозирда Парламент томонидан кўриб чиқилмоқда ва тез орада қабул қилинишини кутамиз. Шунингдек, аҳолининг ҳам, бизнеснинг ҳам рақамли саводхонлигини ошириш зарур. Бунга республика бўйлаб очилиши керак бўлган электрон тижорат ўқув марказлари қисман ёрдам беради, — дея қўшимча қилди Алихан Смаилов.