Лос-Анжелесдаги ўрмон ёнғинида беш киши ҳалок бўлди

ASTANА. Кazinform – Калифорния расмийлари маълумотларига кўра, ўрмон ёнғинлари қурбонлари сони беш кишига етди, деб хабар беради BBC.

Лос-Анжелесдаги ўрмон ёнғинида беш киши ҳалок бўлди
Фото: BBC

- Бугун биз икки кишининг ўлими ҳақида хабар бердик. Афсуски, уларнинг сони бештага етди, — деди Лос-Анжелес округи шерифи Роберт Луна.

Унинг айтишича, ёнғин ҳали ўчирилмаган ва қурбонлар сони ортиши мумкин. Вазият кучли шамол ва қуруқ об-ҳаво туфайли мураккаблашмоқда.

Расмийларнинг хабар беришича, Лос-Анжелес ҳудудида бешта ўрмон ёнғинлари давом этмоқда ва 150 минг киши эвакуация зоналарида яшамоқда.

Санта Моника ва Mалибу ўртасидаги Пасифик-Палисейдс ҳудудидаги энг катта ёнғин 60 квадрат километрдан кўпроқни ташкил этади.

Лос-Анжелес округи ёнғин хавфсизлиги бошлиғи Энтони Марроненинг айтишича, ёнғин камида 1000 та тузилмани вайрон қилган.

Лос-Анжелесдаги ўрмон ёнғинида беш киши ҳалок бўлди
Фото: BBC

Лос-Анжелес округининг ғарбий қисмидаги Maлибуда кўплаб машҳур одамларнинг уйлари жойлашган.

Чоршанба куни TMZ нашри актриса ва қўшиқчи Пэрис Хилтонга тегишли Maлибу соҳилидаги уйлардан бири бутунлай ёниб кетгани ҳақида хабар берди.

Буни кейинроқ Хилтоннинг ўзи ҳам тасдиқлади.

TMZ шунингдек, ёнғинда уйлари шикастланган бошқа машҳур Лос-Анжелес аҳолиси ҳақида ҳам хабар беради.

Пайшанба оқшомида бўлиб ўтган матбуот анжуманида расмийлар машҳур Голливуд белгиси жойлашган Лос-Анжелеснинг энг машҳур маҳаллаларидан бири бўлган Голливуд тепалиги ҳудудида яна ёнғин чиққанини эълон қилди.

Аввалроқ Лос-Анжелеснинг ғарбий қисмида ўрмон ёнғинлари содир бўлгани, 10 мингга яқин уйга хавф туғдираётгани ҳақида хабар берган эдик.

Сўнгги хабарлар