Лондонда Марказий Осиё ёшлари саммити бўлиб ўтди

Тадбирда жами 250 дан зиёд иштирокчи, 5 мамлакат элчихонасидан вакиллар, шунингдек ёш лидерлар ва тажрибали мутахассислар тўпланди.
Саммит фаол ёшларга Марказий Осиё давлатлари ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш учун ўзаро тажриба алмашиш, минтақа келажаги юзасидан илмий ва маданий мунозара ўтказиш ҳамда таълим, сиёсат, спорт соҳаларида фикр алмашиш имконини берди.
Тадбирда “Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директори профессор Aдҳам Бекмуродов таълим соҳасидаги шериклик кўламини кенгайтиришга оид фикрларини билдирди. Муҳокама жараёнида алоқаларни мустаҳкамлашда таълимнинг алоҳида ўрни бир овоздан таъкидланди.
Саммит доирасида Марказий Осиё элчилари билан очиқ мулоқот уюштирилди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди. Минтақадаги сиёсий ҳолат ҳақида фикр алмашишди. Хуллас, ёшлар ўз билимини мустаҳкамлаб олишди, минтақавий муаммоларни ечишга доир янги амалий кўникмалар ўзлаштиришди.
Анжуманда жамғарма стипендиатлари ҳам фаоллик кўрсатишди.