Лола ва бойчечак Тожикистоннинг миллий гуллари деб эълон қилинди
ASTANA. Kazinform — Тожикистонда лола ва сиёҳгуш (бойчечак) тожик халқининг маънавий рамзи сифатида миллий гуллар деб эълон қилинди. Бу ҳақда Kazinform агентлигининг Душанбе шаҳридаги махсус мухбири хабар берди.
Тожикистон президенти матбуот хизматининг маълумотига кўра, тегишли фармонни Эмомали Раҳмон 21 октябрда имзолаган. Мазкур қарор мамлакатнинг тарихий-маданий меросини халқаро миқёсда танитиш, шунингдек, лола ва сиёҳгуш (бойчечак)ни миллий рамз сифатида улуғлаш мақсадида қабул қилинган.
“Бу гуллар тожик халқининг маданий мероси билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, Наврўз байрами ва табиатнинг баҳорда қайта уйғониши билан ҳамоҳангдир. Бойчечак баҳор келганини билдириб, халқнинг тарихий-мифологик хотирасини, поклик ва адолатнинг тантана қилишини ифодалайди. Лола эса халқимизнинг ор-номуси ва қадр-қимматини, мамлакат табиатининг гўзаллиги ва гуллаб-яшнашини намоён этади”, — дейилади Тожикистон президенти матбуот хизмати тарқатган хабарда.
Халқ эътиқодларига кўра, бойчечакни биринчи бўлиб топган инсоннинг омади келади, деб ҳисобланган. Ҳаётнинг янгиланиши, ёшлик ва гўзаллик рамзи бўлган ушбу гулни болалар тоғлардан териб, оналари ва опа-сингилларига совға қиладилар.
«Лола териш» («Сайри гули лола») байрами исломдан олдинги даврлардан буён лолалар ялпи гуллайдиган пайтда бир неча кун давомида нишонлаб келинган.
Биринчи куни ёшлар қўшиқ айтиб, рақсга тушган, лолаларни дарахт шохларига боғлаб, тилаклар билдирган. Иккинчи куни эса қабристонлар ва муқаддас қадамжолар зиёрат қилинган.
2019 йилда Тожикистон президенти ташаббуси билан фестиваль қайта тикланиб, ҳар йили ўтказиладиган бўлди. Бугунги кунда фестиваль доирасида энг яхши гул композициялари аниқланиб, ғолибларга пул мукофотлари топширилади. Фестивалнинг якуний тадбири анъанавий равишда апрель ойининг тўртинчи шанба куни ўтказилади.