"Ливерпуль" мухлисларини машина босиб кетди
ASTANА. Кazinform – Автомобиль Англия Премьер-лигасидаги ғалабасини нишонлаётган “Ливерпуль” футбол клуби мухлисларини босиб кетди. Ҳодиса Ливерпуль шаҳри марказида содир бўлди. Бу ҳақда Euronews хабар берди.

— 26 май, душанба куни тахминан соат 18:00 да бизга Уотер-стрит кўчасида автомобиль бир нечта пиёдаларни уриб юборгани ҳақида хабар келди, — дейилади полиция хабарида.
Полициянинг маълум қилишича, машина дарҳол воқеа жойида тўхтатилган ва ҳайдовчи ҳибсга олинган.
— Воқеа жойида фавқулодда хизматлар ишламоқда. Янги маълумотлар пайдо бўлиши билан биз сизни хабардор қиламиз, —деди ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари.
Қайд этиш жоизки, айнан шу душанба куни “Ливерпуль” футбол клуби ўз ғалабасини нишонлаш учун шаҳар бўйлаб автобуслар парадини ўтказди. Минглаб мухлислар севимли жамоаларини кутиб олиш учун йиғилишди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Берлинда пичоқ билан қилинган ҳужумдан сўнг бир киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эдик.