Литвадаги халқаро турнирда қозоғистонлик боксчилар 6 та олтин медални қўлга киритди
ASTANА. Кazinform — Литванинг Каунас шаҳрида бокс бўйича Альгирдас Шоцикас номидаги халқаро турнирда Қозоғистон терма жамоаси муваффақиятли иштирок этди.

Финалда 9 нафар қозоғистонлик боксчи рингга чиқиб, улардан олти нафари олтин медални қўлга киритди.
Жумладан, 57 кг вазн тоифасида Асилжан Серикбай украиналик Денис Роздолскийни икки марта нокдаунга учратиб, яққол устунлик билан ғалаба қозонди.
Ирландиялик Пол Хейл Жон жангдан тортгани боис, Жандос Қидиралиев (63,5 кг) навбатдаги олтин медални қўлга киритди.
Ҳимояда маҳоратли ҳаракат қилиб, ҳужумда эпчиллик кўрсатган Елнур Суйинбай (67 кг) Польша вакили Кирилл Глобенкони мағлуб этди.
71 кг вазн тоифасидаги Фаррух Тўхтасинов сўнгги беллашувини қизғин ўтказди ва украиналик Максим Молоданга ҳеч қандай имконият қолдирмади.
Азамат Бектас (75 кг) польшалик Михал Ярлинскийнинг заиф нуқтасини топди, Турсинбай Қулаҳмет (80 кг) британиялик Рамтин Мусадан кучли эканлигини кўрсатди.
Финалда Нурсултан Олтинбек (54 кг) украиналик Иван Завадскийга, Алмат Абдуали (60 кг) латвиялик Матвейс Прокудинсга, Абзал Қуттибеков (86 кг) британиялик Исаак Охога мағлуб бўлди.
Шу тариқа, қозоғистонлик боксчилар ушбу мусобақада 6 та олтин, 3 та кумуш ва 2 та бронза медалини қўлга киритди. Бунгача Даниял Сабит (51 кг) ва Аманат Сабирғали (+92 кг) бронза медалига эга бўлган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ тўққиз нафар қозоғистонлик боксчи Литвада бўлиб ўтган халқаро турнир финалига чиққани ҳақида хабар берган эдик.