Латвия Швеция билан ўртадаги сув ости кабели шикастланганини маълум қилди
ASTANA. Kazinform - Якшанба куни Латвия ҳукумати Латвия давлат радио ва телевидение марказига (LVRTC) тегишли сув ости оптик толали кабели шикастланганини маълум қилди, деб хабар беради Кazinform мухбири.

— LVRTC маълумотлар узатиш мониторинги тизими Вентспилс-Готланд (Форёсунд) бўлимида маълумотлар узатиш хизматларини кўрсатишдаги узилишларни қайд этди. LVRTC муқобил маълумотлар йўллари орқали хизматлар кўрсатишда давом этмоқда. Айни пайтда маълумотлар узатиш тезлигида кечикишлар бўлиши мумкин, бироқ бу одатда Латвиядаги охирги фойдаланувчиларга таъсир қилмайди, — дейилади давлат радио ва телевидение маркази баёнотида.
Маълумки, кабель 50 метрдан ортиқ чуқурликда ётади, зарар кўлами фақат кабелни таъмирлаш ишлари бошлангандан кейин аниқланиши мумкин.
Якшанба куни Бош вазир Эвика Силина LVRTC томонидан бошқариладиган Вентспилс-Готланд участкасида оптик толали алоқа тармоғининг ишлашидаги узилишлар бўйича масъул вазирлик ва идоралар билан йиғилиш ўтказди.
Ҳозирча LVRTC таъмирлаш кемасининг денгизга чиқиши учун аниқ вақтни айта олмайди, аммо зарарни имкон қадар тезроқ бартараф этиш устида иш олиб бораётганини таъкидламоқда.
Ўз навбатида, Латвия денгиз кучлари потенциал иштирок этган кемани текшириш учун дарҳол патрул кемасини юборди. Ҳарбий-денгиз кучлари НАТО иттифоқчилари, шу жумладан Швеция билан ҳам алоқага чиқди ва доимий равишда ахборот алмашишни давом эттирмоқда.
Европа Комиссияси раҳбари У.Ляйен Болтиқбўйи мамлакатлари билан бирдамлик билдирди. Унинг таъкидлашича, муҳим инфратузилманинг барқарорлиги ва хавфсизлиги Европа Иттифоқи учун устувор вазифадир.
Муаллиф: Арнур Раҳимбеков