Лас-Вегасда 10 йилдан бери кузатилмаган кучли ёмғир 2 кишининг ҳаётига зомин бўлди

Икки эркакнинг жасади жума куни жамоат ишлари бригадалари ва ўт ўчирувчилар томонидан Лас-Вегас булвари курорт ҳудуди яқинидаги сув каналидан топилган. Кларк округи маъмурлари ўлганларнинг шахсини ва ўлим сабабини дарҳол аниқлай олишмаган.
Лас-Вегас сўнгги ўн йилликдаги энг кучли муссон мавсумини бошдан кечирмоқда. Миллий об-ҳаво хизмати маълумотларига кўра, 2022 йилда 32,5 мм ёғингарчилик тушган. Бу кўрсаткич 2014 йилдан бери энг юқори кўрсаткичдир.
Лас-Вегасдаги Миллий об-ҳаво хизмати сув тошқини, кучли ёмғир, чақмоқ ва кучли шамоллар ҳақида огоҳлантирди.
Тўфон сувлари йўл ҳаракатига ҳалақит бермоқда, шунингдек, турар-жой мулклари ва бир нечта казиноларга зарар етказган. Қутқарув хизматларига автомашиналарнинг сув тошқинида тўхтаб қолиши муносабати билан уч марта мурожаат келиб тушган. Барча ҳайдовчилар жароҳатларсиз эвакуация қилинди.
Лас-Вегас шаҳри аҳолига сув босган ҳудудлардан ўтмасликни ва бошқа айланма йўлларни қидиришни ёки сув тўхтагунча кутишни тавсия қилди.
Кларк округи минтақавий сув тошқини назорати бошқармаси хабарига кўра, Лас-Вегас водийсида сўнгги йирик муссон мавсуми 2012 йилда бўлган, ўшанда 76 мм дан ортиқ ёмғир ёғиб, икки кишининг ҳаётига зомин бўлган.
Видеодан олинган сурат/cbsnews.com