КВИ билан касалхонага ётқизилган ўзбекистонликларнинг 96 фоизи олдин эмланмаган

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра , январ ойида Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохоналарига 8601 нафар бемор ётқизилган бўлиб, улардан 6856 нафари кексалар, 811 нафари ҳомиладор аёллар ва 934 нафари болалардир.
«Афсуски, улардан 8243 нафари коронавирусга қарши эмланмаган. Фақатгина 358 бемор, яъни касалхонага ётқизилганларнинг 4,1 фоизи илгари CОVID -19 га қарши эмланган. Улар орасида ўлим ҳолатлари қайд этилмаган», — дейилади вазирлик хабарида.
Вазирликнинг қўшимча қилишича, эмланмаган беморларда касаллик оғир ва ўта оғир шаклларда кечган ва айрим ҳолларда ўлим билан якунланган.
«Соғлиқни сақлаш вазирлиги яна бир бор юртдошларни ўз соғлиғига эътиборли бўлишга, коронавирусга қарши эмлаш ва кучайтирувчи дозани олишга чақиради», — дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарида.
Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда Ўзбекистоннинг катта ёшли аҳолисининг 69 фоизи тўлиқ эмланган.
Ўзбекистонда эмлаш кампанияси ўтган йилнинг 1 апрелидан бошланган эди. Эмлаш олтита вакцина билан амалга оширилади: АstraZeneca, ZF-UZ-VАC2001, Спутник-V, Моderna, Pfizer ва Sinovac. 3 август куни республикада меҳнатга лаёқатли аҳолини мажбурий эмлашнинг ҳуқуқий асосларини белгиловчи қонун қабул қилинди.
Муаллиф: Мадибек Жанибеков