Куз фаслида қандай таомланиш фойдали

Куз фаслида қандай таомланиш фойдали
Фото: Kazinform

Кузнинг иккинчи ойи бошланди. Буёғига ҳаво ҳарорати янаям салқинлашади. Ёмғирли кунлар ҳисобига қуёш нуридан камроқ баҳраманд бўлишимиз табиий. Оқибатда иммунитет тизими заифлашиб, мавсумий касалликлар авж олиши кузатилади, деб хабар беради Kazinform ЎР Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматига таяниб.

Хўш шундай шароитда саломатлигимизни мустаҳкамлаш учун қандай таомланиш мақсадга мувофиқ?

Хорижлик тажрибали диетолог Евгения Белюга бу борада ўз тавсияларини эълон қилди. Унинг фикрича, мазкур даврда микроэлементларга бой маҳсулотларни кўпроқ истеъмол қилиш фойдали.

Масалан, помидор ва бодрингни C, А витамини, фолий кислотаси ҳамда калийга бой қовоқ билан алмаштириб танавул қилиш мумкин. Ёки B витамини, аскорбин кислотаси, A вa E дармондорилари, темир, магний ва цинкни ўз ичига олган қовоқча (кабачка) паст калориялилиги билан афзал саналади.

Таомномани мавсумий маҳсулотлар билан уйғунлаштириш мақсадга мувофиқ. Масалан, пюре-шўрвалар куз учун мақбул таом. Сабзавотли шўрва витаминларга бой. Ёғсизроқ товуқ шўрваси ҳам ортиқча вазндан халос бўлишни истаганлар учун мос.

“Ичимликлар орасида чой ва қаҳвадек фойдали муқобил маҳсулот йўқ. Хусусан, чой совуқ ҳавода иммунитет тизимини қўллаб-қувватлайдиган дармондорилар, полифеноллар, антиоксидантларни ўз ичига олади. Лимон, атиргул қўшиб тайёрланган дамлама таркибидаги С витамини иммунитет тизимини мустаҳкамлашга ёрдам беради. Аммо шакар истеъмолини камайтириш яхшироқ”, — дейди мутахассис.

Чиндан ҳам, шакар — юқори калорияли маҳсулот. Уни ортиқча истеъмол қилиш семиришга олиб келади. Бу эса метаболизм секинлашиши, ҳужайраларнинг инсулинга сезувчанлиги пасайиши ва пировардида 2-тоифа диабет келиб чиқишига сабаб бўлади.

Сўнгги хабарлар